Данияда Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик анъаналари намойиш этилди

Сентябрь 11, 2026. 10:00 • 2 дақ

63
Данияда Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик анъаналари намойиш этилди
Данияда Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик анъаналари намойиш этилди
Данияда Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик анъаналари намойиш этилди
Данияда Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик анъаналари намойиш этилди

ОРХУС, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Данияда ўтказилган “Aarhus Festuge–2026” маданият фестивали доирасида Ўзбекистоннинг бой миллий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини тарғиб этишга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу учрашувлар Даниядаги “Ўзбек ташаббуслари” ташкилоти, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда мамлакатимизнинг Стокгольмдаги элчихонаси ҳамкорлигида амалга оширилди.

Фестиваль доирасида “Åby” кутубхонасида машҳур Риштон кулолчилик мактаби анъаналарига бағишланган маҳорат дарси ўтказилди. Унда данияликлар ва Орхус шаҳри меҳмонлари Риштон кулолчилигига хос миллий нақшлардан илҳомланган ҳолда чинни ликопча ва финжонларни ўз қўллари билан безади.

Иштирокчиларга Риштон кулолчилик мактабининг тарихи, унинг ўзига хос ранг ва нақшлари, миллий безакларнинг мазмун-моҳияти, Фарғона водийсининг қадимий ҳунармандчилик анъаналари ва ўзбек амалий санъатининг бой мероси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, меҳмонлар Ўзбекистон маданияти билан фақат тақдимот ва маълумотлар орқали эмас, балки миллий нақшлар, ранглар ва бевосита ижодий жараён воситасида танишиш имконига эга бўлди. Бу иштирокчиларда ўзбек халқининг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари ва санъатига катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур маданий-маърифий ташаббус Ўзбекистоннинг бой миллий меросини Европада кенг тарғиб этиш, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижий жамоатчиликнинг мамлакатимиз тарихи, санъати ва сайёҳлик салоҳиятига қизиқишини янада оширишга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш