Ҳерманн Парцингер: Ўзбекистон – маданият ва қадриятлар туташган муҳим чорраҳа
Сентябрь 11, 2026. 11:00 • 3 дақ
• 55
БЕРЛИН, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Таниқли немис археологи ва тарихчиси, “Берлин пойтахт маданияти” жамғармаси куратори, профессор Ҳерманн Парцингер “Дунё” ахборот агентлиги орқали мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:
– Мустақилликнинг 35 йили Ўзбекистон тарихида муҳим давр саналади. Бугунга келиб мамлакат Марказий Осиёдаги муҳим давлатлардан бирига айланди. Геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган айни пайтда Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида мулоқот ва воситачиликни таъминлашдаги роли янада ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Евроосиё миқёсида азалдан муҳим сиёсий ва маданий ўрин эгаллаб келган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Германия ва Европанинг бошқа давлатлари билан мустаҳкам маданий-илмий алоқаларни ривожлантириб келаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Илк бор 1995 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрганман. Ўшанда Тошкент ва Самарқанддаги университетлар, Ўзбекистон Фанлар академиясининг археологлари, маданиятшунос олимлари билан илмий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширганмиз.
1997–1999 йилларда Берлиндаги Археология институтининг Евроосиё бўлими директори сифатида Бохумдаги кончилик музейи, Фрайберг кончилик академияси ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтидаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда мамлакатингизда турли тадқиқотлар олиб боргандик.
Тадқиқотлар давомида қадимги даврда аҳолининг хомашё билан таъминланишига оид муҳим манбани ойдинлаштиришга муваффақ бўлдик. Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги йўлнинг Зарафшон водийсида жойлашган Карнаб ҳудудидаги қадимий кончилик масканида археологик тадқиқотлар олиб бордик. Натижада, у ерда милоддан аввалги II минг йилликка мансуб, яъни ўрта бронза даврида амалга оширилган қалай кончилиги излари борлигини аниқладик. Бу ўша давр археологияси учун ҳақиқий сенсация эди. Чунки бронза ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қалайнинг қаердан олингани масаласи узоқ вақт давомида олимлар учун мавҳум эди.
Ўзбекистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни 1990 йилларнинг бошидан йўлга қўйганман. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўзбек жамияти ҳаётида ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Ўша мураккаб даврда мамлакат илмий-тадқиқот муассасаларини сақлаб қолиш ва уларни молиялаштириш борасида жиддий синовларга дуч келди. Ўзбекистон бу синовларни муваффақиятли енгиб ўтиб, илмий йўналишларда кўплаб халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйди. Шу тариқа илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликнинг муҳим ва нуфузли иштирокчисига айланди.
Бугунги кунда Марказий Осиёнинг археологияси ва маданият тарихига оид тадқиқотларни Ўзбекистон олимларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу, аввало, унинг ноёб географик жойлашуви ва ҳудудий кўлами билан боғлиқ.
Мамлакат Орол денгизидан Афғонистон чегарасидаги Окс (Амударё) дарёсигача, Фарғона водийси ва Тошкент воҳасидан Қизилқум чўлларигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олади. Шу маънода, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги маданий таъсирлар туташган ноёб чорраҳа вазифасини бажаради.
2024 йилда Берлин музейлар оролида намойиш этилган Ўзбекистоннинг археологик хазиналарига бағишланган кўргазма мамлакатнинг Марказий Осиё минтақасидаги беқиёс тарихий аҳамиятини таъсирчан тарзда намоён қилди.
2023–2024 йилларда Берлин музейлар оролидаги “Жеймс Симон галереяси”да Ўзбекистоннинг археологик хазиналарига бағишлаб “Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача” номли кўргазма ташкил этилди. Унда мамлакатнинг Марказий Осиё тарихидаги ўзига хос аҳамияти таъсирли тарзда намойиш этилди.
Жаҳон миқёсидаги илмий тадқиқотларни халқаро ҳамкорларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу, айниқса, археология ва бошқа маданиятшунослик соҳалари учун ниҳоятда муҳим. Шу маънода, Ўзбекистонни маданият ва қадриятлар туташган муҳим чорраҳа, дея таърифлаш мумкин.
Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Ўзбекистоннинг Германия ва Европа билан яқин, ишончли ва дўстона ҳамкорлиги абадий бўлсин. Илм-фан ва маданиятнинг барча соҳаларидаги ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб, тобора кенгайиб борсин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси