Logo

Малайзиялик инвесторлар Сирдарёга сармоявий майдон сифатида катта қизиқиш билдирмоқда

Январ 29, 2026. 09:00 • 2 дақ

95
Малайзиялик инвесторлар Сирдарёга сармоявий майдон сифатида катта қизиқиш билдирмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 29 январь. /“Дунё” АА/. Малайзиянинг етакчи “Bernama” ахборот агентлиги расмий саҳифасида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, малайзиялик инвесторлар Сирдарё вилоятини Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига кириш учун стратегик марказ сифатида кўрмоқда. Гап, минтақадаги хорижий инвестициялар учун яратилган қулай экотизим ва қарийб икки минг гектар майдонни эгаллаган Сирдарё эркин иқтисодий зонаси ҳақида бормоқда.

Маълум қилинишича, эркин иқтисодий зонада фаолият юритувчи Малайзия компаниялари солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланади - уч йилдан ўн йилгача фойда, мол-мулк ва ер солиғидан озод қилинади. Қолаверса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар МДҲ давлатларига деярли эркин савдо режимида экспорт қилинади.

Қайд этилишича, GSP+ тизими доирасида Ўзбекистон Европа Иттифоқига 6 мингдан ортиқ турдаги товарларни божсиз экспорт қилиш имкониятига эга. Ушбу афзалликлар икки мамлакат ўртасидаги олий даражадаги икки томонлама алоқалар фонида бўлиб ўтган “Сирдарёда бизнес қилинг” Ўзбекистон-Малайзия форуми давомида тақдим этилди.

Мақолада Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромидин Гадоевнинг сўзлари ҳам келтирилган. У Сирдарё вилоятини “Мини-Малайзия” деб атайди ва малайзиялик мутахассисларни биринчи навбатда, ахборот технологиялари соҳасида фаол иштирок этаётганини эътироф этган.

“Икки томонлама савдо “олтин давр”ни бошдан кечирмоқда: 2025 йилда Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 16,3 фоизга ўсиб, 109,9 миллион долларга етди”, дея хулоса қилган “Bernama” АА.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш