Logo

Сайит Юсуф: Ўзбекистон ТУРКСОЙ фаолиятига янги ҳаёт бағишлади

Январ 29, 2026. 11:52 • 6 дақ

84
Сайит Юсуф: Ўзбекистон ТУРКСОЙ фаолиятига янги ҳаёт бағишлади

АНҚАРА, 29 январь. /“Дунё” АА/. ТУРКСОЙ Бош котиби ўринбосари Сайит Юсуф “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистоннинг туркий меросни асраб-авайлашдаги роли, мамлакатимизнинг ташкилот доирасида ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаол позицияси ҳақида фикр билдирди:

– Туркий дунё – бу умумий тарих, тил ва буюк маънавий меросга таянадиган улкан цивилизация маконидир. У Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи муҳим ҳудуд сифатида жаҳон тараққиётида катта ўрин эгаллайди. Туркий халқлар яратган давлатчилик анъаналари, илмий-маърифий мерос ва маданий бойликлар инсоният цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилган. Туркий дунёнинг ҳар бир манзилида ўлмас маданий мерос мавжуд бўлиб, бу борада, айниқса, Ўзбекистоннинг аҳамияти беқиёсдир.

Зеро, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби гўзал ва бетакрор шаҳарлар қадимдан маданият ва илм-фан бешиги бўлган. Туркий дунёнинг бу табаррук заминидан Муҳаммад ал-Хоразмий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк алломалар етишиб чиққан. Уларнинг илмий мероси – математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа ва ҳадис илми каби йўналишлар нафақат ўша даврда, балки бугунги кун илм-фани ва маънавий тараққиётида ҳам мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Масалан, VIII-IX асрларда яшаб ижод этган улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмий “ноль” рақамини ва ўнлик саноқ тизимини ҳамда қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берган ва амалиётга татбиқ этган. У яратган алгебра ва алгоритмлашга оид илмий назариялар замонавий математика, информатика ва рақамли технологиялар ривожининг пойдевори саналади. Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳадис илмидаги мероси эса ислом маънавияти, ахлоқ ва ижтимоий муносабатлар шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Абу Райҳон Беруний математика, астрономия, тарих, география сингари турли фан соҳалари билан шуғулланган. Ернинг қуёш атрофида айланиши ҳақидаги фикрини илгари сурган, Ернинг думалоқ шаклда эканлигини асослаб берган ва дунёнинг географик харитасини тузган.

Абу Али ибн Синонинг тиббиёт ва фалсафа соҳасидаги асарлари ҳозирги замон тиббий таълими ва илмий ёндашувлар учун асос бўлмоқда. Мирзо Улуғбекнинг астрономик кузатувлари ва илмий ҳисоб-китоблари эса замонавий астрономия фани ривожига катта таъсир кўрсатган.

Бундай мисолларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Энг муҳими, бугунги кунда Ўзбекистон ана шу буюк меросни, маданиятни, қадриятларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этиш билан бир қаторда, аждодларга муносиб авлодларни етиштиришга ҳам жуда катта эътибор қаратмоқда.

Айниқса, Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида тарихий ислоҳотларни амалга ошираётгани, очиқ, амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият бераётгани диққатга сазовордир. Ўзбекистоннинг, жумладан, туркий халқлар билан алоқалари янги босқичга кўтарилгани нафақат Марказий Осиёда, балки бутун туркий дунёда мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланишига катта туртки берди. Бинобарин, бизнинг тарихий ўтмишимиз бир бўлгани каби порлоқ келажагимиз ҳам фақат бирлик ва ҳамжиҳатлик, янги ижодий ютуқлар билан муштарак цивилизациямизни ривожлантириш орқали бунёд этилади. Бугунги кунда бутун инсоният, балки ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ айнан мана шундай бирликка муҳтождир.

Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг ўрни ва аҳамияти катта. Ўзбекистон мазкур нуфузли ташкилотнинг таъсисчиларидан бири ҳисобланади. Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан мамлакат 2022 йилдан эътиборан ТУРКСОЙни юксак даражада қўллаб-қувватлаш орқали унинг фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Шу тариқа Ўзбекистон ТУРКСОЙ фаолиятига янгича руҳ бағишлади. Бугун ташкилот доирасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳада ўзбек халқининг бой маданияти, санъати, анъаналари ва меҳмондўстлик фазилатлари яққол намоён бўлмоқда.

Ўзбекистонда туркий мамлакатлар маданияти ва санъати кунлари, ёшлар ва театр фестиваллари, ижодий форумлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Ташкилот доирасидаги илмий-маърифий анжуманлар, туркий тиллар ва адабиётлари ривожига бағишланган халқаро конференциялар, маданий тадбирлар ва лойиҳаларда Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашмоқда.

Ўзбекистоннинг бренди даражасига кўтарилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Халқаро мақом санъати анжумани, “Шарқ тароналари” фестивали, “Лазги” халқаро фестивалида ТУРКСОЙ фаол иштирок этмоқда. Ташкилотимиз томонидан ўзбек халқининг буюк шоир ва мутафаккирлари, тарихий шахслари таваллуд саналари кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистонда ТУРКСОЙнинг 30 йиллиги жуда катта тантана сифатида нишонланди.

Туркий дунёнинг сиёсат, илм-фан, тиббиёт, адабиёт ва санъат соҳаларида улкан ютуқларга эришган намояндаларини рағбатлантириш мақсадида буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани маданий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

Маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликда ҳар йили туркий давлатлардаги шаҳарлардан бирининг “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши энг гўзал анъаналаримиздан бири ҳисобланади. Бу, ана шу шаҳар тимсолида ҳар бир мамлакатнинг ўзига хослиги, маданияти, санъати, қадриятларини халқаро миқёсда янада кенг намойиш этишга катта туртки беради. 2021 йилда Ўзбекистоннинг Хива шаҳри “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинган эди. Жорий йилда Андижон шаҳри шундай юксак мақомга эга бўлди. Шу маънода, 2026 йилда ТУРКСОЙ фаолиятининг муҳим қисми Ўзбекистон билан боғлиқ бўлади.

Ўтган йили Қўқон шаҳри “Туркий дунёнинг ҳунармандлари шаҳри” деган эътирофга сазовор бўлди.

ТУРКСОЙ Бош котибиятида ҳар бир аъзо давлатнинг Вакили фаолият кўрсатади. Бизни қувонтирган яна бир жиҳати, ниҳоят ўтган йили Бош котибиятимизда илк бор Ўзбекистон Вакили расман фаолиятини бошлади. Бу ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.

Ўзбекистон Етакчисининг ТУРКСОЙ фаолиятига доимо эътибор билан қараши бизга катта мамнуният бағишлайди. Жумладан, ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ўтказилган маданият кунлари иштирокчиларига йўллаган табригида Шавкат Мирзиёев: “Биз азалдан тарихи, тили ва дини, урф-одат ва анъаналари, бугунги орзу-интилишлари муштарак бўлган халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда ТУРКСОЙнинг улкан ўрни ҳамда аҳамияти борлигини миннатдорлик билан эътироф этамиз”, дея таъкидлаган эди.

Ҳурматли Шавкат Мирзиёев ТУРКСОЙ фаолиятини ривожлантириш борасида ҳам таклифларини илгари суриб келмоқда. Хусусан, 2025 йил 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида Ўзбекистон раҳбари давлатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантиришда Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ алоҳида ўринга эга эканлиги эътироф этиб, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш ва ТУРКСОЙнинг нуфузини янада ошириш учун унинг фаолияти ва тузилмасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш зарурлигини билдирди. Шу асосда ўтган йили 7 октябрда Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 12-йиғилишида Давлат раҳбарлари томонидан “Халқаро туркий маданият ташкилоти “ТУРКСОЙни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ҳозирги вақтда ТУРКСОЙ Бош котибияти ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида аъзо давлатлар билан биргаликда фаол иш олиб бормоқда.

2025 йил якунланиши арафасида яна бир қувончли воқеа гувоҳи бўлдик. Ноябрь ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Президентлари иштирокида “Келажак мероси” халқаро мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Биз учун аҳамиятли жиҳати, ушбу нуфузли мукофотнинг илк соҳиблари қаторида ТУРКСОЙ Бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев “Адабиёт” номинациясида тақдирланди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг туркий дунёда тутган ўрни нафақат бой тарихий мерос, балки порлоқ келажакка қаратилган стратегик эзгу интилишлар билан белгиланади. Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси ва ТУРКСОЙ доирасидаги янгиланишлар қардош халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Аждодлар шарафи ва авлодлар саодати йўлидаги бундай ҳамжиҳатлик туркий цивилизациянинг жаҳон майдонидаги нуфузини янада юксалтириши шубҳасиз. Ўзбекистон эса ўзининг илмий-маданий салоҳияти билан туркий оламнинг маънавий юраги бўлиб қолаверади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш