“Orient” АА: Ўзбекистондаги тараққиёт босқичи жаҳон иқтисодий тенденцияларига мос келмоқда
Август 03, 2026. 19:26 • 2 дақ
• 16
АШХАБОД, 3 август. /“Дунё” АА/. Туркманистоннинг оммабоп “Orient” ахборот агентлигида Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви ва “Катта йигирматалик” (G20) кун тартиби билан ўзаро боғлиқлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Агентликда ёзилишича, бугунги кунда Ўзбекистондаги тараққиёт босқичи ва амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон иқтисодий тенденцияларига мос келмоқда.
Хусусан, стратегик мақсадлар – саноатни технологик янгилаш, йирик инвестицияларни жалб қилиш, экспортни кенгайтириш ва глобал қиймат занжирларига қўшилиш G20 доирасидаги барқарор ривожланиш, энергетик ўтиш, рақамлаштириш ва савдони эркинлаштириш каби устувор йўналишлар билан ҳамоҳанг равишда амалга оширилмоқда.
Мақолада мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ва Халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича ташланган қадамлар алоҳида эътироф этилган.
Қайд этилишича, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди, 43 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди, 2026 йилда эса ЯИМ ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Шунингдек, саноатда қўшилган қийматни 60 миллиард долларга етказиш ва 2026 йилда умумий қиймати 52 миллиард доллар бўлган 782 та янги саноат лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Материалда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни якуний босқичга киргани, жумладан, АҚШ ва бошқа асосий ҳамкорлар томонидан бу жараёнга билдирилаётган сиёсий ва амалий хайрихоҳлик мамлакатнинг ташқи савдо ва саноат сиёсатига янги суръат бағишлаётгани таъкидланган.
“Марказий Осиё минтақаси йирик бозорларни боғловчи кўприкка айланмоқда, Ўзбекистон эса транспорт йўлаклари, саноат занжирлари ва инвестиция лойиҳалари амалий рўёбга чиқадиган асосий майдон сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда”, – деб хулоса қилинган агентликда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси