Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида консуллик соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилинди
Август 03, 2026. 18:50 • 2 дақ
• 98
ТОШКЕНТ, 3 август. /“Дунё” АА/. Бугун Тошкентда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги консуллик масалалари бўйича маслаҳатлашувларнинг тўртинчи давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев ҳамда Жанубий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Лим Санг Ву бошчилик қилди.
Музокаралар давомида томонлар консуллик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси масалаларини батафсил муҳокама қилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси фуқароларининг ҳар икки давлат ҳудудидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ваколатли органлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Маслаҳатлашувларнинг алоҳида йўналишларидан бири мобиллик ва миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўлди. Томонлар ташкиллаштирилган ва хавфсиз меҳнат мобиллиги механизмларини такомиллаштириш, миграциянинг қонуний йўлларини кенгайтириш, ноқонуний миграция даражасини камайтиришга қаратилган қўшма чораларни амалга ошириш, шунингдек, Корея Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар учун муносиб яшаш ва меҳнат шароитлари ҳамда ишлаб чиқаришдаги меҳнат хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида икки давлат консуллик хизматлари ўртасидаги мунтазам мулоқот ва амалий ҳамкорликни давом эттириш, мазкур йўналишдаги шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, шунингдек, ушбу маслаҳатлашувлар механизмини янада фаоллаштиришга келишиб олинди.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси