Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси ватандошларга ёрдам кўрсатмоқда
Март 02, 2026. 09:23 • 2 дақ
• 134
ДОҲА, 2 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси маълумотларига кўра, Яқин Шарқ минтақасидаги сўнгги воқеалар фонида Қатарда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
1 март ҳолатига кўра, Қатар ҳудудида 600 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Шундан:
31 нафари – дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари;
40 нафари – Доҳада таҳсил олаётган талабалар;
250 нафари – Қатарда вақтинча ишловчи фуқаролар;
270 нафари – туризм ва бошқа сабаб билан сафарда бўлиб турганлар.
Кеча, 28 февраль куни Қатар ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши ва бир қатор халқаро рейсларнинг бекор қилиниши натижасида 48 нафар ватандошларимиз Доҳа шаҳридаги Ҳамад халқаро аэропортида қолиб кетган. Улар Шаржа, Дубай ва Олма-Ота аэропортлари орқали Тошкентга учиб кетишлари керак эди.
Ҳамад халқаро аэропорти маъмурияти, “Qatar Airways”, “Air Arabia” ва “Saudia Airlines” авиакомпаниялари йўловчиларга меҳмонхона тақдим этиш имконияти йўқлигини маълум қилган.
Шу куннинг ўзида элчихона масъул ходимлари аэропортга чиқиб, фуқаролар билан учрашди, уларнинг ҳолати ўрганилди ҳамда авиакомпаниялар ва аэропорт маъмурияти билан музокаралар олиб борилди. Фуқаролар билан доимий алоқа ўрнатилиб, зарур консуллик ёрдами кўрсатилди.
Жумладан, ижтимоий тармоқларда мурожаат билан чиққан фуқаро ва бошқа ватандошларимиз билан кечанинг ўзидаёқ алоқага чиқилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди ҳамда фуқаролар вақтинча меҳмонхонага жойлаштирилди.
Рейсларнинг бекор қилиниши барча давлатлар фуқароларига таъсир кўрсатган фавқулодда вазият бўлиб, авиакомпаниялар томонидан жойлаштириш имкониятлари чекланган шароитда амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан, элчихона мавжуд имкониятлар доирасида фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.
Қатар ҳаво ҳудудининг очилиши ва авиақатновлар қайта тикланишидан сўнг, фуқароларимизнинг Ватанга қайтиши мумкин бўлади.
Айни пайтда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг юртимизга хавфсиз қайтиб кетишларига кўмаклашиш бўйича ишлар изчил олиб борилмоқда. Фуқаролар рўйхати тузилган ва у янгилаб борилмоқда.
Элчихона ўз навбатида яна бир бор фуқароларимизни ваҳима қилмасликка ва вазминликка ҳамда бўлаётган воқеалар юзасидан расмий манбаларга таянишга чақиради. Шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан Қатар расмий идоралари томонидан берилаётган кўрсатмалар ва қонун-қоидаларга тўлиқ амал қилиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва одамлар гавжум жойлардан узоқроқ бўлиш тавсия этилади.
Қатарда туризм мақсадида вақтинча бўлиб турган ватандошларимизни Ўзбекистон элчихонаси консули Отабек Муратов билан боғланишларини сўраймиз, телефон: +974 5141 1001.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
