Ҳиндистон матбуоти Ўзбекистон томонидан Тошкент халқаро форумида илгари сурилган инвестициявий ташаббусларни юқори баҳолади
Июнь 19, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 61
ДЕҲЛИ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг нуфузли “The Indian Express” газетаси Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига бағишланган кенг қамровли мақола чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳиндистон нашри эътиборининг марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган ва хорижий инвесторлар учун янги уфқлар очаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, IT-сектори учун мисли кўрилмаган солиқ имтиёзлари ҳамда кон-металлургия саноатини либераллаштириш масалалари ўрин олган.
Газета мамлакатимиз етакчисининг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатидан иқтибос келтириб, мамлакат эшиклари “ишонч ва ғоялар билан” келаётган инвесторлар учун ҳамиша очиқлигини таъкидлаган. Материалда форумда 100 дан ортиқ давлатдан 4000 га яқин меҳмон ташриф буюргани қайд этилган бўлиб, бу муаллифнинг фикрича, Тошкент форумининг “тобора ортиб бораётган халқаро нуфузининг яққол эътирофидир”.
Мақоланинг энг асосий янгиликларидан бири Қорақалпоғистонда сунъий интеллект ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари (дата-марказлар) соҳасидаги лойиҳалар учун махсус зона ташкил этилиши ҳақидаги маълумот бўлди.
“The Indian Express” инвесторларни 2040 йилга қадар барча турдаги солиқ ва божхона тўловларидан озод қилиш, шунингдек, электр энергияси учун имтиёзли тариф тақдим этиш каби алоҳида преференцияларга эътибор қаратган. Ушбу шарт-шароитлар рақамли қувватларини кенгайтиришга интилаётган юқори технологияли компаниялар, шу жумладан, Ҳиндистон корхоналари учун кучли рағбат сифатида баҳоланмоқда.
Мақолада кон-металлургия секторидаги ислоҳотлар ҳам алоҳида ўрин эгаллаган. Ўзбекистон ер қаъридаги стратегик захираларнинг умумий қиймати 3 триллион долларга баҳоланишини ҳисобга олган ҳолда, мамлакат Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари” технопаркларини ташкил этиш ташаббусини илгари сураётгани таъкидланган.
Нашр Ўзбекистон ташаббуслари ва Ҳиндистон манфаатлари ўртасида тўғридан-тўғри чизиқ ўтказган. Муаллиф Ўзбекистон Ҳиндистон 2025 йил июнь ойида нодир металлар ва ўта муҳим фойдали қазилмаларни биргаликда ўзлаштириш истагини билдирган Марказий Осиёнинг бешта давлати қаторига киришини эслатиб ўтади.
Мақолада, шунингдек, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ва мамлакатни Осиё ҳамда Европа ўртасидаги транспорт тармоғига интеграция қилишга қаратилган кенг кўламли логистика лойиҳалари ҳам тилга олинган. Ҳиндистонлик инвесторлар учун бу нафақат Ўзбекистоннинг бой ресурсларидан фойдаланиш, балки мамлакатдан қўшни давлатлар бозорларига чиқиш учун хаб (транспорт тугуни) сифатида фойдаланиш имкониятини ҳам англатади.
“The Indian Express” газетасидаги мақола Ўзбекистоннинг инвестиция муҳити жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари диққат-марказида эканини кўрсатади. Мамлакатимиз Президенти томонидан эълон қилинган ислоҳотлар, айниқса, солиқ имтиёзлари ва ер қаърини ўзлаштириш соҳасидаги янгиликлар узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Ҳиндистон ишбилармон доиралари учун Тошкент форуми Ўзбекистон жаҳон стандартларига ва XXI аср чақириқларига жавоб берадиган замонавий бизнес юритиш шароитларини таклиф этаётгани ҳақида муҳим сигнал бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси