Logo

Ҳиндистоннинг оммабоп газетаси Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ҳақида мақола чоп этди

Март 12, 2026. 14:52 • 2 дақ

135
Ҳиндистоннинг оммабоп газетаси Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ҳақида мақола чоп этди

КОЛКАТА, 12 март. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг оммабоп «The Statesman» нашри Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тобора кенгайиб бораётган савдо-иқтисодий ҳамкорлик имкониятларига бағишланган мақола чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзбекистон Ҳиндистон бизнеси учун Россия, МДҲ ва Европа бозорларига чиқиш дарвозаси бўлишга тайёр» сарлавҳали мақолада Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоевнинг Ғарбий Бенгалия штати ишбилармон доиралари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви тафсилотлари ёритилган.

Нашрда қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо алоқалари туб бурилиш палласига кирган. Ҳиндистон компаниялари Ўзбекистонга фармацевтика маҳсулотлари, машиналар, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва оптик ускуналар етказиб бермоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Ҳиндистонга ўғитлар, мева-сабзавотлар, бошқа саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилмоқда.

Газета Ўзбекистоннинг Ҳиндистон бизнеси учун таклиф этаётган инвестициявий имкониятларига алоҳида тўхталган. Мақолада ўзбекистонлик дипломатнинг мамлакатимиз хорижий инвесторларга махсус саноат зоналарида ер участкалари, солиқ имтиёзлари ва замонавий инфратузилмадан фойдаланиш имкониятини тақдим этаётгани ҳақидаги сўзлари келтирилган. Ҳиндистон компаниялари учун фармацевтика, ахборот технологиялари, электроника, «яшил» энергетика ва бошқа соҳалар алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон ўзини 300 миллионга яқин аҳолига эга МДҲ мамлакатлари бозорига йўл очувчи минтақавий ишлаб чиқариш ва инвестиция хаби сифатида фаол намоён этмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокида 300 дан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, деб қайд этади мақола муаллифи.

Читайте также

Шунингдек, материалда, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари, рақамли технологиялар, камёб металлар, тўқимачилик саноати ва туризм каби ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган. Муаллиф Ўзбекистондаги изчил иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Ҳиндистоннинг технология ва хизматлар соҳасидаги устувор жиҳатлари икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини табиий равишда тўлдиришига хизмат қилишини урғулаган.

Мақолада қадимий Ипак йўли билан туташган икки тарихий цивилизация бўлмиш Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий муносабатлар жадал суръатларда янги босқичга чиқаётгани, бу эса ҳар икки томон учун алоқаларни янада чуқурлаштириш, бозорларни диверсификация қилиш ва барқарор шериклик алоқаларини ўрнатиш учун кенг имкониятлар очаётгани қайд этилган.


 

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш