Польшалик сайёҳ: Ўзбекистон бўйлаб қилган саёҳатим ҳаётимда унутилмас таассурот қолдирди
Март 06, 2026. 09:36 • 2 дақ
• 175
ВАРШАВА, 6 март. /“Дунё” АА/. Польшанинг Затор шаҳридаги Карпия водийси маданият марказида польшалик сайёҳ Магдалена Масяльска Ўзбекистонга қилган саёҳати ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Магдалена Масяльска иштирокчиларга Ўзбекистонга уюштирган саёҳати давомида кўрган-кечирганларини ҳикоя қилиб берди. Унинг таъкидлашича, мамлакатимиз бўйлаб амалга оширган саёҳатида Тошкент, Хива ва Бухоро шаҳарларини айланган. У юртимиздаги тарихий-маданий мерос объектлари, қадимий шаҳар деворлари, мадрасаю минорлар, миллий меъморчилик намуналари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Польшалик саёҳатчининг айтишича, Тошкент-Хива йўналишидаги 14 соатлик темир йўлдаги вақтининг ўзида бир олам саргузаштларни бошдан кечирган.
Магдалена Масяльска Хивадаги Ичан-қалъа обидаси тўрт дарвозали тарихий шаҳар сифатида жуда катта таассурот қолдирганини алоҳида эътироф этди. Қадимий шаҳарлардаги мадрасаларнинг тарихда таълим маркази сифатида ҳамда бугунги кундаги музей ва маданий майдон ўлароқ аҳамияти ҳақида алоҳида сўз юритди.
Хива ва Бухородаги меъморий обидалар, жумладан 175 поғонали минора ва тарихий мажмуалар, маҳаллий халқнинг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари, ҳудудлардаги иқлим шароити ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, сайёҳ Хивада маҳаллий телеканалга интервью бергани, Бухорода тарихий қадамжолар ва музей мажмуалари билан танишгани ҳақида қизиқарли воқеаларни баён қилди.
Учрашув интерактив шаклда ўтказилиб, иштирокчилар Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, ранг-баранг меъморчилиги, маданий хилма-хиллиги ва меҳмондўстлиги ҳақида катта қизиқиш билдирди. Айниқса, Хива ва Бухоро шаҳарларининг тарихий марказлари, меъморий ёдгорликлар ва миллий анъаналар аудиторияда ижобий таассурот қолдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси