“Infora News”: Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги янги босқичга чиқди

Июль 24, 2026. 14:30 • 2 дақ

90
“Infora News”: Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги янги босқичга чиқди

ИСЛОМОБОД, 24 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Infora News” нашрида “Марказий Осиё ва Озарбайжон: “яшил” энергетика маконини биргаликда барпо этаётган стратегик шериклар” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, сўнгги йилларда Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бу жараён, аввало, давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган оқилона сиёсати самарасидир.

Ана шу қатъий сиёсий ирода туфайли минтақада илгари фақат истиқбол сифатида баҳоланган йирик энергетика ташаббуслари бугун амалий босқичга чиқиб, Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти ва глобал “яшил” трансформациясига хизмат қилаётган муҳим лойиҳаларга айланмоқда.

Нашрда таъкидланишича, қайта тикланувчи энергия соҳасида ҳам мамлакатлар мақсадлари ўзаро уйғун. Асосий вазифа – ўзаро боғланган, рақобатбардош, экологик барқарор ва ташқи бозорлар учун очиқ бўлган ягона минтақавий энергетика маконини шакллантиришдир. Бу йўлда Озарбайжоннинг иштирок этиши ҳамкорлик географиясини янада кенгайтиради ва Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муҳим стратегик йўналишни юзага келтиради.

Шунингдек ўқинг

Нашрда қайд этилишича, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида шаклланган юқори даражадаги сиёсий ишонч бугун амалда йирик трансмиллий энергетика лойиҳалари орқали ўз ифодасини топмоқда. Шулардан энг муҳими – Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон томонидан амалга оширилаётган “Яшил йўлак” ташаббусидир.

2024 йил ноябрь ойида Боку шаҳрида COP29 доирасида имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги битим мазкур ташаббуснинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлади.

“Яшил йўлак” лойиҳаси нафақат экспорт йўлаги, балки Марказий Осиёда ягона интеграциялашган электр бозорини шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим стратегик платформадир. Лойиҳа мамлакатлар энергетика тизимларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва инвестицияларни жалб қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Материал якунида: “Бу ташаббус Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликнинг амалий ифодаси бўлиб, келажакда Марказий Осиёни глобал “яшил” энергетика занжирининг муҳим бўғинига айлантиришга хизмат қилади”, дея таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш