СМТИ “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат” номли таҳлилий маърузасини тақдим этди

Август 26, 2026. 16:00 • 8 дақ

132
СМТИ “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат” номли таҳлилий маърузасини тақдим этди
СМТИ “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат” номли таҳлилий маърузасини тақдим этди
СМТИ “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат” номли таҳлилий маърузасини тақдим этди
СМТИ “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат” номли таҳлилий маърузасини тақдим этди
СМТИ “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат” номли таҳлилий маърузасини тақдим этди
СМТИ “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат” номли таҳлилий маърузасини тақдим этди

ТОШКЕНТ, 26 август. /“Дунё” АА/. Давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат: ташқи сиёсий трансформация, минтақавий масъулият ва халқаро субъектлилик” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муҳокамада асосий эътибор СМТИ муаллифлар жамоаси томонидан тайёрланган “Ўзбекистон масъулиятли ўрта даражадаги давлат” номли таҳлилий тадқиқотга қаратилди. Унда мамлакат ташқи сиёсий курсининг эволюцияси ҳамда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги ўн йилликда рўй берган сифат ўзгаришлари таҳлил қилинган.

Муҳокамада давлат органлари, илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари, етакчи олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат соҳасидаги олим ҳамда мутахассислар иштирок этди.

Семинарни очар экан, СМТИ директори Элдор Арипов Ўзбекистон мустақилликнинг 35 йили давомида халқаро муносабатларнинг мустақил ва масъулиятли субъекти сифатида шаклланганини, ўзининг ташқи сиёсий мактаби ва миллий манфаатларни илгари суриш маданиятини шакллантирганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, айнан сўнгги ўн йилликда мамлакат ташқи сиёсати сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Суверенитет, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, прагматизм ва ўзаро манфаатдорлик каби асосий тамойиллар сақлаб қолинган ҳолда, ташқи сиёсат янада очиқ ва ташаббускор тус олди ҳамда қулай ташқи муҳитни шакллантиришга йўналтирилди.

Элдор Ариповнинг қайд этишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон сиёсатида замонавий ўрта даражадаги давлат аломатларини тобора кўпроқ эътироф этаётган хорижий академик ва эксперт доираларининг баҳолари мунозараларга сабаб бўлган. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг вазифаси ушбу таҳлилий ёндашув рўй берган ўзгаришларни қай даражада акс эттиришини чуқур таҳлил қилишдан иборат эди.

Семинар иштирокчилари кўп марказлилик, стратегик рақобатнинг кучайиши ва халқаро тизимнинг парчаланиши шароитида ўрта даражадаги давлатлар феноменига қизиқиш табиий равишда ортиб бораётганини таъкидладилар. Бундай шароитда мустақил йўл тутишга, турли куч марказлари билан конструктив муносабатларни қўллаб-қувватлашга ва умумий муаммоларнинг амалий ечимларини топишга кўмаклашишга қодир бўлган давлатларга алоҳида эҳтиёж сезилмоқда.

Айнан шу нуқтайи назардан, хорижий илмий ва эксперт доиралари Ўзбекистонни тобора кўпроқ шаклланиб бораётган ўрта даражадаги давлат сифатида баҳоламоқда.

Таҳлилий тадқиқотни тақдим этар экан, СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов замонавий халқаро амалиётда ўрта даражадаги давлат мақоми ўша давлатнинг кўлами билан эмас, балки унинг мавжуд салоҳиятини мустақил ва ташаббускор ташқи сиёсатга, минтақавий масъулиятга ҳамда халқаро миқёсдаги амалий натижаларга айлантира олиш қобилияти билан белгиланишини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ўтказилган таҳлил бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу хусусиятлар тобора яққол намоён бўлаётганини кўрсатмоқда. Биринчидан, бу – ташқи сиёсатнинг мустақиллиги ва прагматик хусусиятидир. Тошкент Россия, Хитой, АҚШ, ЕИ, Туркия, Кўрфаз мамлакатлари, Жанубий Осиё давлатлари, Япония, Корея Республикаси ва бошқа шериклар билан конструктив муносабатларни изчил ривожлантирмоқда. Бунда гап барча томонлардан тенг масофа сақлаш сиёсати ҳақида эмас, балки стратегик танлов имкониятларини кенгайтириш ҳамда йирик куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршилик мантиғига қўшилмасликка интилиш ҳақида бормоқда.

Иккинчидан, бу ташаббускор дипломатия. Тақдимотда таъкидланганидек, Ўзбекистон нафақат аллақачон шаклланган халқаро кун тартибида тобора кўпроқ иштирок этмоқда, балки Марказий Осиё, Афғонистон, транспорт ўзаро боғлиқлиги, иқлим, Оролбўйи, динлараро мулоқот, ёшлар ва барқарор ривожланиш бўйича ўз мавзу ва механизмларини ҳам таклиф этмоқда. 2026 йил августига қадар БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 15 та махсус резолюцияни қабул қилди. Акрамжон Неъматовнинг таъкидлашича, ўрта даражадаги давлат учун ташаббусни илгари суришнинг ўзи эмас, балки унинг атрофида турли манфаатларга эга давлатларни бирлаштириш ва таклифни амалий халқаро ечимга етказиш қобилияти муҳимдир.

Учинчидан, ташқи сиёсий фаоллик мамлакатнинг тобора ортиб бораётган ички салоҳиятига – иқтисодий тараққиёт суръатлари, Марказий Осиёдаги энг катта демографик салоҳият, қулай географик жойлашув, инсон капитали, бой табиий ресурслар ва хомашё базаси ҳамда кенгайиб бораётган транспорт боғлиқлигига таянади. Иштирокчилар сиёсий-дипломатик имкониятлар ва иқтисодий барқарорликнинг уйғунлиги стратегик мустақиллик учун мустаҳкам замин яратиб, мамлакатнинг шериклар, бозорлар, транспорт йўналишлари ва технологияларни танлаш имкониятларини кенгайтиришини қайд этдилар.

Тақдим этилган ёндашувни баҳолар экан, Ўзбекистон ТИВ ЖИДУ Дипломатик академияси директори, профессор Абдусамат Ҳайдаров ташқи сиёсий йўналишдаги изчиллик ва ворисийликнинг муҳимлигига эътибор қаратди. Унинг фикрича, сўнгги йилларда юз берган сифат ўзгаришлари ўзбек дипломатиясининг асосий тамойилларини бекор қилгани йўқ, аксинча, уларнинг янада фаол намоён бўлишига хизмат қилди. Қарорлар қабул қилишдаги мустақиллик, прагматизм, сиёсатнинг прогноз қилиш мумкин бўлган хусусияти ҳамда турли куч марказлари билан мулоқотни давом эттириш қобилиятининг уйғунлиги давлатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаб, унинг дипломатик имкониятларини кенгайтирмоқда.

Шунингдек ўқинг

Муҳокамада Марказий Осиё масаласи алоҳида ўрин эгаллади. Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Шерзод Файзиев таъкидлаганидек, ҳар қандай ўрта даражадаги давлатнинг етуклиги, энг аввало, ўзи жойлашган минтақада жиддий синовдан ўтади. Айнан шу маконда давлатнинг сиёсий ва иқтисодий салоҳияти қўшниларга босим ўтказиш воситасига эмас, балки ўзаро ишонч, барқарорлик ва умумий манфаатларга хизмат қилувчи неъматларга айлана олиши намоён бўлади. Ўзбекистон мисолида бу яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, чегара масалаларини тартибга солиш, транспорт алоқаларини тиклаш, савдо ҳажмини ошириш, сув ва энергетика масалалари бўйича муросали ечимларни излаш, шунингдек, минтақавий мулоқотнинг ўзига хос механизмларини ривожлантиришда ўз ифодасини топмоқда.

Шу билан бирга, иштирокчилар Ўзбекистон ролининг фаоллашувини Марказий Осиёда таъсир доираларининг қайта тақсимланиши сифатида эмас, балки минтақанинг умумий халқаро субъектлилиги юксалишининг таркибий қисмларидан бири сифатида баҳолаш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон тобора ташаббускор ташқи сиёсат юритиб, умумминтақавий манфаатларни биргаликда илгари сурмоқда. Ҳар бир давлатнинг кучайиши бутун минтақанинг барқарорлиги ва халқаро салмоғини оширишга хизмат қиладиган умумий масъулият макони шаклланмоқда.

Муҳокамалар давомида қайд этилганидек, фаол ташаббускорлик ва масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлик бугунги кунда бутун минтақага хос хусусиятга айланмоқда. Марказий Осиё давлатлари нафақат минтақа ичидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда, балки унинг доирасидан ташқарида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган ўз ташаббусларини илгари суриб, кенгроқ халқаро кун тартибини шакллантиришда тобора фаол иштирок этмоқда. Ҳар бир давлат халқаро таъсирнинг ўзига хос йўналишини шакллантирмоқда, уларнинг муштарак саъй-ҳаракатлари эса бутун минтақанинг халқаро субъектлилигини кучайтирмоқда.

Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти Афғонистон ва Жанубий Осиёни тадқиқ этиш маркази директори, фан доктори Равшан Алимов айнан минтақавий жипслашув Марказий Осиё учун янги ташқи сиёсий имкониятлар яратаётганини таъкидлади. Унинг баҳолашича, тарқоқ ҳамкорликдан позицияларни мувофиқлаштиришга ўтиш минтақага йирик ташқи шериклар билан муносабатларда мустақил субъект сифатида фаолроқ иштирок этиш, Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ҳамда ўзининг марказий географик ўрнини амалий тараққиёт ресурсига айлантириш имконини бермоқда. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистоннинг мулоқот, транспорт йўлаклари ва иқтисодий интеграцияга доир ташаббуслари нафақат миллий манфаатларга, балки Марказий Осиёнинг умумий халқаро салмоғини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Равшан Алимовнининг фикрича, минтақадаги айрим давлатлар халқаро ролининг кучайиши сиёсий етакчилик учун рақобатга олиб келмаётгани принципиал аҳамиятга эга. Аксинча, бир давлатнинг халқаро ютуқлари бутун Марказий Осиёнинг имкониятларини кенгайтирадиган, унинг музокаралардаги мавқейини мустаҳкамлайдиган ҳамда минтақани янада барқарор ва талаб юқори бўлган шерикка айлантирадиган модель шаклланмоқда.

Иштирокчилар БМТ Бош Ассамблеясининг 2026 йил 20 майда қабул қилган қарорларини ана шундай янги субъектлиликнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этдилар. Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёнинг беш давлати номидан тақдим этилган “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш” резолюциясига 66 та давлат ҳаммуаллиф бўлди. Шу куни Қирғизистон томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон билан биргаликда илгари сурилган “Чегара низоларини тинч йўл билан ҳал этиш” резолюцияси ҳам қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга 40 та давлат ҳаммуаллифлик қилди. Иштирокчиларнинг фикрича, биринчи ташаббус минтақанинг муштарак тараққиёт кун тартибини шакллантириш салоҳияти тобора ортиб бораётганини кўрсатса, иккинчиси мураккаб масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги ўз тажрибасини халқаро миқёсда талаб юқори бўлган ёндашувга айлантириш қобилиятини намоён этади.

Марказий Осиё давлатларининг ўз минтақавий тажрибасини БМТ минбарига биргаликда олиб чиқаётгани ва унинг атрофида кенг коалициялар шакллантираётгани минтақанинг халқаро ролида сифат жиҳатидан ўзгариш юз берганидан далолат беради. Марказий Осиё эндиликда ташқи кун тартибига мослашиш билан чекланмай, уни шакллантиришда ҳам тобора фаол иштирок этмоқда. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистоннинг шаклланиб бораётган ўрта даражадаги давлат сифатида эътироф этилиши айни пайтда бутун Марказий Осиёнинг халқаро салмоғи ортиб бораётганининг муҳим кўринишларидан биридир.

Муҳокамаларда глобал миқёсдаги масъулият масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларнинг баҳолашича, Ўзбекистоннинг халқаро таъсири икки асосий йўналишда – халқаро кун тартибини шакллантириш ҳамда мулоқот учун майдон тақдим этиш қобилиятида тобора яққол намоён бўлмоқда. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона ва Термиз шаҳарларида йирик кўп томонлама тадбирлар ўтказилмоқда. Оролбўйи, иқлим, транспорт боғлиқлиги, диний бағрикенглик ва барқарор ривожланишга доир миллий ҳамда минтақавий ташаббуслар эса БМТ ва бошқа халқаро институтлар доирасида кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Иштирокчилар Ўзбекистон ташқи сиёсий йўналишининг муҳим хусусияти ажратишга эмас, балки бирлаштиришга, стратегик мустақиллик ва яхши қўшничиликни сақлашга, шунингдек, турли куч марказлари билан ҳамкорлик учун очиқ бўлишга интилишдан иборат эканини таъкидладилар. Бу мамлакатга нафақат барқарор ташқи муҳит яратадиган имкониятлардан фойдаланиш, балки уни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиш имконини ҳам бермоқда.

Муҳокамаларни якунлар экан, Элдор Арипов масъулиятли ўрта даражадаги давлат концепциясини унвон ёки имтиёз сифатида эмас, энг аввало, масъулиятнинг янада юқори мезони сифатида қабул қилиш лозимлигини таъкидлади. Давлат имкониятларининг кенгайиши дипломатия сифати, иқтисодий ва технологик барқарорлик, инсон капиталини ривожлантириш, ўз мажбуриятларини бажариш ҳамда мамлакат жойлашган минтақа ва халқаро ҳамжамият учун амалий натижалар яратиш қобилиятига нисбатан талабларнинг ошишини муқаррар равишда тақозо этади.

Иштирокчилар тақдим этилган таҳлилий тадқиқот Ўзбекистоннинг мақомига оид якуний хулоса эмас, балки бу борадаги профессионал мунозаралар учун асос яратишига якдил фикр билдирдилар. Шу билан бирга, халқаро баҳолар мажмуи, ташқи сиёсий фаолиятдаги сифат ўзгаришлари, минтақавий масъулиятнинг мустаҳкамланиши ва халқаро ташаббускорликнинг кенгайиши муҳим бир тенденциядан далолат бермоқда: Ўзбекистон ажратишга эмас, бирлаштиришга, кескинликни кучайтиришга эмас, барқарорликни таъминлашга, ўзаро ишончни қарор топтириш ҳамда манфаатли ҳамкорлик учун қулай макон яратишга интилувчи давлат моделини тобора яққол намоён этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш