Япониялик ёш тадқиқотчилар Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади
Август 13, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 81
ТОКИО, 13 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси вакиллари Кейо университети талабалари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Кейо университетининг халқаро масалаларни ўрганишга ихтисослашган “Students Association for International Issues” ташкилоти аъзолари иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ташқи сиёсати ва минтақавий ўрни хусусида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Дипломатларимиз япониялик ёш тадқиқотчиларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, иқтисодиётни диверсификация қилиш, инсон капитали ва таълим салоҳиятини ошириш, энергетик хавфсизликни таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ҳамда транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича сўз юритилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, Марказий Осиёдаги ўрни ва минтақавий ҳамкорлик масалалари, табиий ресурслар ҳамда энергетика соҳасининг миллий иқтисодиётдаги аҳамияти хусусида фикр алмашилди. Талабаларнинг Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши, энергетика сиёсати ва ташқи алоқаларига оид саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Кейо университети тадқиқотчилари жорий йилнинг 9–16 сентябрь кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига илмий-тадқиқот сафари амалга оширишни режалаштирган. Ушбу ташриф доирасида мамлакатимизнинг табиий ресурслари ва энергетика сиёсати, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари ўрганилади.
Сафар дастуридан, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон компаниялари офислари ва қўшма инвестициявий лойиҳалар билан танишиш ҳам ўрин олган.
1858 йилда ташкил этилган Кейо университети Япониянинг нуфузли хусусий олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетда қарийб 34 минг талаба таҳсил олади. “QS World University Rankings 2027” рейтингида Кейо университети 213-ўринни эгаллаган бўлиб, Япониянинг энг яхши 10 та университети қаторига киради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси