Истанбулда Ўзбекистон-Туркия савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигининг янги лойиҳалари муҳокама қилинди
Август 13, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 110
ИСТАНБУЛ, 13 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонасида Туркиянинг йирик “Dosso Dossi” компанияси вакили Керим Демиртурк билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида компаниянинг кўп тармоқли фаолияти, жумладан, эркаклар ва аёллар кийим-кечакларини ишлаб чиқариш ва улгуржи савдоси, туризм ҳамда қурилиш соҳаларидаги тажрибаси юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Мулоқот чоғида “Dosso Dossi”нинг Ўзбекистонда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, тўқимачилик ва енгил саноат соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудларда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Компания вакили Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш орқали Марказий Осиё минтақасига чиқишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, у мамлакатимиздаги саноат ва ишлаб чиқариш зоналарида маҳсулот чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллий хомашё ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда юзлаб янги иш ўринларини яратиш бўйича лойиҳаларни ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда кўриб чиқиш ҳамда “Dosso Dossi” компанияси ва Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси