Ўзбекистонлик мутахассислар Мисрнинг чўл ҳудудларини ўзлаштириш тажрибасини ўрганади
Сентябрь 09, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 173
ҚОҲИРА, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Миср Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлиги ҳузуридаги Саҳроларни тадқиқ қилиш маркази раҳбари Ҳусом Шавқий билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фермер ва тадбиркорларидан иборат делегация 14–20 сентябрь кунлари Мисрга хизмат сафарини амалга оширади. Ташриф доирасида мамлакатнинг яйловларни бошқариш, чорвачилик ва озуқа базасини ривожлантириш, саҳро ерларини ўзлаштириш ҳамда сув тежовчи технологияларни қўллаш борасидаги тажрибасини ўрганиш режалаштирилган.
Учрашувда қайд этилишича, ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси Саҳроларни тадқиқ қилиш марказида бўлади. У ерда гидрогеология, чорвачилик, озуқа базасини ривожлантириш ва янги ерларни ўзлаштириш масалаларига бағишланган тақдимотлар ҳамда мисрлик мутахассислар билан учрашувлар ўтказилади.
Томонлар, “Mariout Research Station” ва “Рас Sadr” илмий-тадқиқот станцияларига ташриф буюриш масаласини ҳам кўриб чиқди. Марказ раҳбари мисрлик мутахассисларнинг саҳро ҳудудларини ўзлаштириш ва замонавий суғориш технологиялари соҳасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишга, делегациялар алмашишга ҳамда тажриба улашишга тайёр эканини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси