Наманган ва Эмилия-Романья ўртасида турли инвестициявий келишувлар имзоланди
Ноябрь 03, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 102БОЛОНЬЯ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззаков бошчилигидаги делегациянинг Италияга ташрифи доирасида Эмилия-Романья вилояти президенти Микеле де Паскале билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган учрашув чоғида икки ҳудуднинг саноат, тўқимачилик ва ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича фикр алмашилди. Томонлар юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида урғу берилаётгани ҳамкорлик учун муҳим пойдевор эканини таъкидлади.
Мулоқот давомида ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзаро делегациялар ташрифларини ташкил этиш, Наманган вилоятига инвестиция маблағларини жалб қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Эмилия-Романья Италиянинг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланиб, вилоят ЯИМ ҳажми 203 миллиард евродан зиёдни ташкил этади ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткич бўйича мамлакатда иккинчи ўринда туради. Бу ерда машинасозлик, автомобилсозлик, санъат ва озиқ-овқат саноати ривожланган. “Ferrari”, “Lamborghini”, “Ducati”, “Max Mara”, “Technogym”, “Pagani”, “Dallara”, “Barilla” каби жаҳонга машҳур компаниялар фаолият юритади.
Болонья ва Рим шаҳарларида Италиянинг ишбилармон доиралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида “Наманган ва Италия” ҳамда “Наманган ва Эмилия-Романья” бизнес-форумлари ташкил этилди.
Тадбирларда 100 дан ортиқ етакчи компания вакиллари иштирок этиб, кўплаб “B2B” форматидаги учрашувлар ўтказилди. Уларда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик ва логистика соҳаларида савдо ва инвестициявий ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Наманган вилояти корхоналарининг Италия бозорига чиқиши, экспорт географиясини кенгайтириш ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар амалга оширилди.
Ташриф давомида Италиянинг йирик компаниялари ва соҳа уюшмалари раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказилди. Хусусан, “Vinarjia Marko”, “SMI Group”, “Gamma Meccanica” ва “Bonifiche Ferraresi” компаниялари билан озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва интенсив боғдорчилик йўналишларида катта миқдордаги инвестиция ва экспорт шартномалари имзоланди.
Меҳнат миграцияси соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги мутахассисларини Италияда мавсумий ишга жалб қилиш лойиҳаси расман йўлга қўйилди. Биринчи босқичда ишлаш учун келган 40 нафар ҳамюртларимиз учун дастурхон ёзилиб, улар билан суҳбат ўтказилди. Ҳамюртларимизнинг яшаш ва иш жойлари кўздан кечирилди.
Италиянинг “Salvi” компанияси билан ўзбекистонлик фуқароларни қишлоқ хўжалиги соҳасида иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, келгуси йилларда қўшимча минг нафар фуқарони ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, Ҳудудлар ва автономиялар вазирлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди. Уларда ҳамкорликда боғларни янгилаш, томчилатиб суғориш, аквакультура ва фермерлик бўйича грант лойиҳаларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон–Италия иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









