Каталин Новак: Ўзбекистоннинг янги ғояларга очиқлиги ва турли қийинчиликларга мослашиши Европа сармоядорларини ўзига жалб қилмоқда

Июнь 18, 2026. 17:00 • 2 дақ

87
Каталин Новак: Ўзбекистоннинг янги ғояларга очиқлиги ва турли қийинчиликларга мослашиши Европа сармоядорларини ўзига жалб қилмоқда

ТОШКЕНТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашган Венгриянинг собиқ президенти Каталин Новак “Дунё” АА мухбирига форум ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Форум жуда қизғин равишда кечмоқда, бу ерда ёшлар ва фаол иштирокчилар кўп. Форумда менга ёқаётган жиҳат – бу ерда бошқаларни тинглашга бўлган чинакам жонланиш ва ҳақиқий қизиқишнинг мавжудлигидир. Буни жуда муҳим деб ҳисоблайман, чунки шунда, мен кутганимдек, ҳар бир киши ўзи билан ниманидир – бошқалардан олинган тўлақонли ғояларни олиб кетиши мумкин.

Панель муҳокамаларда аёлларни оилавий ҳаёт ва касбий фаолият ўртасида танлов қилишга мажбурламаслик кераклиги ҳақида таъкидладим. Ўйлайманки, Ўзбекистондаги кўплаб аёллар оила қуришни ва она бўлишни истайди, бироқ айни пайтда ўз касбий фаолиятида муваффақият қозонишни ҳам хоҳласа, нега бу орзусидан воз кечиши керак? Назаримда, давлат аёлларга ана шу танлов эркинлигини ҳис этадиган муҳит ярата олади.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон ҳам ўзбек аёлларининг улкан салоҳиятга эга эканини англаб етганини жуда юқори баҳолайман. Агар Ўзбекистон меҳнат бозорида аёллар иштирокининг улушига эътибор қаратилса, салоҳият қанчалик катта эканини кўриш мумкин. Бу борада ҳали ишланадиган жиҳатлар кўп. Ўйлайманки, мамлакат ҳукумати бу заруратни аллақачон англаган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий ўсишига назар ташласак, бу борада ҳам салоҳият жуда катта. Бу кишида ёрқин таассурот қолдиради ва хорижий сармоялар учун жуда жозибадордир. Шу боис, Ўзбекистонга Европа сармоялари янада кўпроқ кириб келишига жуда умид қиламан. Бу, аслида, сизнинг ҳам, бизнинг ҳам асосий мақсадимиздир.

Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг янги ғояларга очиқлиги ва турли қийинчиликларга мослашишга тайёрлиги Европа сармоядорлари учун энг жозибали жиҳатдир. Қолаверса, Ўзбекистоннинг ёш авлоди жуда рақобатбардош. Бу бизга Европада ва Осиёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам етишмаётган нарсадир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш