Қайрат Сарибай: Янги Ўзбекистон концепцияси Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш фалсафаси билан уйғундир
Сентябрь 25, 2026. 08:10 • 9 дақ
• 76
ОСТОНА, 25 сентябрь. /“Дунё” АА/. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) Бош котиби Қайрат Сарибай “Дунё” ААга берган интервьюсида Янги Ўзбекистонда сўнгги 10 йил давомида ҳаётга татбиқ этган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижалари ва ютуқлари ҳақида сўз юритди.
– Бу йил Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганига 10 йил тўлади. Ушбу ўзгаришларнинг Марказий Осиё ва бутун Осиё қитъасида ишончни мустаҳкамлаш, яхши қўшничиликни қарор топтириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга таъсирини қандай баҳолайсиз?
– Аввало, Янги Ўзбекистон концепциясига пойдевор бўлган ислоҳотлар бошланганининг ўн йиллиги муносабати билан мамлакат раҳбариятини самимий муборакбод этаман.
ОҲИЧК учун очиқлик, прагматизм ва конструктив мулоқот айниқса муҳим бўлиб, уларнинг уйғунлиги Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Ўзбекистонга қўшни давлатларнинг жавоб саъй-ҳаракатлар ва ушбу мамлакатлар раҳбарларининг бирлашган сиёсий иродаси натижасида бугун Марказий Осиё яхши қўшничилик ва тараққиётнинг ҳақиқий уйғониш даврини бошдан кечирмоқда.
Барқарор ижобий динамика яққол кўзга ташланмоқда: ўзаро ишонч мустаҳкамланмоқда, минтақавий ҳамкорлик сифати сезиларли даражада яхшиланди, ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда. Бу жараённинг ўзига хос катализатори Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувлари бўлмоқда.
Ушбу ёндашувнинг самарадорлигини энг мураккаб масалалар, жумладан, чегара масалаларини ҳал этиш ҳамда сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш бўйича консенсус излаб топиш жараёни ҳам тасдиқламоқда.
“Янги Ўзбекистон” концепцияси ОҲИЧК фалсафаси билан табиий тарзда уйғунлашган. Ишонч чоралари ва хавфсизликнинг ягона архитектурасини мустаҳкамлаш ташкилотимизнинг тамойилларига тўлиқ мос келади.
Марказий Осиёда ўзаро ҳурмат ва муросага тайёрликни биринчи ўринга қўядиган муносабатларни барпо этишнинг замонавий модели бутун Осиё қитъасида ишонч чораларини кенгайтириш учун илҳомлантирувчи намуна бўлиб хизмат қилишига ишончим комил.
– Сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон қатор муҳим халқаро лойиҳалар ташаббускори бўлди. Сизнинг фикрингизча, Тошкентнинг қайси ташаббуслари Осиёда кўп томонлама мулоқот ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун энг катта аҳамиятга эга?
– Ўзбекистон аҳамияти минтақамиз доирасидан ташқарига чиқадиган муҳим ташаббусларни изчил илгари суриб келмоқда. Улар орасида Марказий Осиёда ва ундан ташқарида барқарорликни мустаҳкамлашга энг сезиларли таъсир кўрсатган икки асосий йўналиш алоҳида эътиборга лойиқ.
Биринчидан, минтақанинг ўзида ишончни мустаҳкамлашга қаратилган тинчликпарвар ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бунда 2025 йилда ўтказилган Фарғона тинчлик форуми муҳим воқеа бўлди. У минтақавий бирдамликка бўлган умумий интилишни намоён этди. Мазкур форумнинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон туташган ҳудуд – Фарғона водийсида ташкил этилгани рамзий маънога эга.
Форум тарихий Хўжанд саммитида белгиланган йўналишнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу саммит доирасида қўшни ва биродар давлатлар раҳбарлари аҳамияти ўта юқори бўлган чегара шартномаси ва Абадий дўстлик тўғрисидаги декларацияни имзолаган эдилар.
Эришилган келишувлар яхши қўшничиликнинг мустаҳкам моделини шакллантирди ва сиёсий ирода ҳамда очиқ мулоқот мавжуд бўлган тақдирда энг мураккаб масалалар бўйича ҳам ўзаро мақбул ечимларни топиш мумкинлигини намойиш этди.
Ушбу қадамларнинг муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистон халқаро майдонда изчил илгари сураётган бунёдкорлик концепциясининг долзарблигини тасдиқлайди.
Иккинчидан, мазкур стратегик йўналишнинг давоми сифатида Тошкентнинг хавфсизликни таъминлаш билан узвий боғлиқ ҳолда ўзаро боғлиқликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга.
Бу жараёнга 2021 йил июль ойида Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференция катта туртки берди. Кенг кўламли форум стратегик транспорт-логистика лойиҳаларини муҳокама қилиш ва денгиз портларига янги коридорларни очиш бўйича мустаҳкам концептуал асос яратди ҳамда қатор йирик ташаббусларни бирлаштирди.
Ушбу форумда иштирок этар эканман, илгари сурилган кўплаб ғоялар ОҲИЧК майдонида муваффақиятли амалга оширилиши мумкинлигини мамнуният билан қайд этган эдим. Зеро, ташкилотимиз Тинч океанидан Ўрта ер денгизигача, Шимолий Муз океанидан Ҳинд океанигача бўлган Осиё қитъасининг турли ҳудудларини бирлаштирувчи ўзаро боғлиқлик мегалойиҳасидир.
Ўзбекистон Президенти ташаббусларининг глобал даражадаги мантиқий давоми ва амалий ифодаси сифатида 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган махсус резолюцияси қабул қилинди. ОҲИЧКга аъзо кўплаб давлатлар мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватлади. Ушбу резолюция стратегик аҳамиятга эга бўлган икки минтақа ўртасида иқтисодий, транспорт ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлайди.
Ўзбекистон раҳбариятининг ўзаро боғлиқлик жараёнларига комплекс ёндашуви ОҲИЧК мақсад ва вазифалари фалсафаси билан ниҳоятда уйғун.
Бундай синергиянинг яққол амалий ифодаси Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти” форуми ҳисобланади. Ушбу ноёб ва долзарб майдон савдо интеграцияси масалаларини яқин ҳудудлардаги хавфсизлик масалалари муҳокамаси билан бирлаштириш имконини берди.
Тошкентда ОҲИЧК шафелигида “Тинчлик, боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусида Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ўтказилгани Ўзбекистоннинг икки минтақани ягона, барқарор иқтисодий ўсиш ҳудудига айлантиришга содиқлигини яққол намоён этди.
Ўзаро боғлиқликни кенг маънода кўриб чиқиш лозим: гап нафақат иқтисодий ва молиявий интеграция, балки гуманитар жиҳатдаги ўзаро боғлиқлик ва маданиятларнинг ўзаро бойиши ҳақида ҳам бормоқда.
– Бугун Ўзбекистон очиқ иқтисодиётни шакллантирмоқда ва барқарор тараққиёт, рақамлаштириш ҳамда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган кун тартибини фаол илгари сурмоқда. Ўзбекистоннинг ОҲИЧК платформасида ушбу йўналишларни ривожлантириш борасидаги амалий ҳиссаси ва ташаббусларини қандай баҳолайсиз? Ушбу тажриба минтақа учун қандай истиқболларни очиб беради?
– Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ва технологик ютуқлари инсон капиталини ривожлантиришга устувор эътибор қаратиш билан чамбарчас боғлиқ. Бу ёндашув ОҲИЧК фаолиятининг асосий йўналишларига тўлиқ мос келади. Улар давлатларнинг барқарор ривожланиши нафақат иқтисодий кўрсаткичларга, балки жамият салоҳиятига – сифатли таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва инклюзив мулоқотга ҳам таянишини англашга асосланган.
2020 йилдан буён Инсоний ўлчов бўйича ҳамраис сифатида Ўзбекистон умумий ишларга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Биринчидан, ОҲИЧК Ишонч чоралари каталогининг яқинда янгиланиши доирасида Ўзбекистон томони гуманитар соҳада қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди ва улар Каталогда муваффақиятли акс эттирилди.
Бунда умуминсоний қадриятларга, хусусан, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу бутун Осиё учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг мазкур стратегик эътибори кейинчалик ОҲИЧКдаги Озарбайжон раислиги даврида Хотин-қизлар кенгашини ташкил этиш бўйича ташаббуснинг илгари сурилишига кўп жиҳатдан кўмаклашди. Бугунги кунда ОҲИЧК Хотин-қизлар кенгаши илғор тажриба алмашиш ва аёлларни минтақавий ривожланиш жараёнларига сифат жиҳатидан янги даражада жалб этиш учун ишончли платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати соҳасидаги салмоқли ёндашувини алоҳида таъкидлаш муҳим. Тошкент ОҲИЧК Ёшлар кенгашининг ҳамраиси сифатида ёшларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга фаол кўмаклашмоқда. 2023 йилда Самарқандда ўтказилган Ёшлар кенгашининг олтинчи йиғилишини мамнуният билан эслайман. Ушбу тадбир ёшларга, илм-фан ва таълимга таяниш барқарор келажакка ишончли инвестиция эканини яна бир бор тасдиқлади.
Бу ишларнинг мантиқий давоми таълим имкониятларини кенгайтириш ва фуқаролик жамиятини жалб этишдан иборат. Бу йўналишда Ўзбекистон ОҲИЧКга аъзо 13 давлатдаги қарийб 200 та олий таълим муассасасини бирлаштирган Етакчи университетлар ҳамкорлик тармоғи (PNLU) Координация кенгаши аъзоси бўлган Бухоро давлат тиббиёт институти орқали академик ҳамкорликни қўллаб-қувватламоқда.
Бундан ташқари, мамлакатда кўнгиллилик маданияти ижтимоий бирдамликнинг самарали воситаси сифатида изчил рағбатлантирилмоқда. Бунинг яққол тасдиғи сифатида Ўзбекистон делегациясининг 2024–2025 йилларда Остона ва Бокуда ўтказилган кўнгиллилар анжуманларида фаол иштирок этганини келтириш мумкин. Бундан ташқари, жорий йилда БМТ майдонида ОҲИЧК давлатларидаги кўнгиллиликка бағишланган кўргазма муваффақиятли намойиш этилди. Унда Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги ютуқлари ҳам тақдим этилди.
Рақамлаштириш масаласига келсак, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ҳам истиқболли эканини қайд этиш лозим. Тошкент томонидан таклиф этилган “Хавфсиз ва инклюзив рақамли келажакни барпо этиш” мавзусидаги инсон ҳуқуқлари бўйича ОҲИЧК юқори даражадаги форуми муҳим қадам бўлиши кутилмоқда. Ушбу форум сентябрь ойининг охирида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу майдон инклюзив рақамли келажакни барпо этиш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, шунингдек, сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш ўртасида зарур мувозанатни топиш имконини бериши кутилмоқда.
Барқарор ривожланиш мавзуси ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу масалага устувор аҳамият қаратиб келмоқда.
Марказий Осиё сайёрамизнинг иқлим ўзгаришига энг заиф минтақаларидан бири эканини ҳисобга олсак, Орол денгизи экотизимига антропоген таъсир оқибатлари фонида бундай экологик таҳдидларни минималлаштириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг кескин зарурати яққол намоён бўлмоқда. Бу йўлдаги энг муҳим қадамлардан бири кўкаламзорлаштиришдир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон шаҳарларида ОҲИЧК хиёбонини барпо этиш ташаббуси ажойиб ғоя сифатида кўринади. Бунёдкорликка қаратилган ушбу жараённи Янги Тошкентдан бошлаш мумкин, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистон улкан демографик салоҳиятга эга. Истеъдодли ёшларни замонавий технологик жараёнларга интеграция қилиш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш ва таълим алмашинувларини кенгайтириш ОҲИЧК доирасидаги шериклигимизнинг сўзсиз устувор йўналишлари бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистоннинг ташкилотимиз штаб-квартираси қиёфасига рамзий ҳиссаларидан бири “Осиё боғи”да ўрнатилган ноёб айвон бўлди.
Самарқанд усталарининг ушбу ижоди ўз эстетикаси билан меҳмонларни доимо мафтун этиб, ўзбек халқининг бой маданиятини ифода этади ҳамда Тошкентнинг ОҲИЧКдаги фаол иштирокининг яққол далили бўлиб хизмат қилмоқда.
– Келгуси ўн йиллик ҳақида гапирадиган бўлсак, халқаро ҳамкорликнинг қайси йўналишлари Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади? Шунингдек, ушбу қутлуғ сана муносабати билан мамлакат раҳбарияти ва халқига нималарни тилаган бўлардингиз?
– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси аниқ йўналишга эга – бу бой миллий ўзликни сақлаб қолган ҳолда ва барқарор тинчликни таъминлаш асосида жаҳон жараёнларига интеграциялашувдир. Ишончим комилки, келгуси ўн йилликда очиқлик сиёсатини давом эттириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва кўп томонлама тузилмаларда фаол иштирок этиш муваффақиятнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари бўлиб қолади.
Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий курсининг моҳиятини аниқ ифодалайдиган асосий ғоя менга жуда маъқул: инсонни барча нарсанинг марказига қўйиш. Инсон давлат сиёсатининг марказида турган тақдирдагина олдимизга қўйилган ҳар қандай вазифа муваффақиятли ҳал этилади, барча чақириқлар енгиб ўтилади.
ОҲИЧК Котибияти номидан ва шахсан ўз номимдан мамлакат раҳбарияти ва бутун биродар ўзбек халқига тинчлик, фаровонлик ва туганмас бунёдкорлик куч-қувватини тилайман.
Янги Ўзбекистоннинг фаровонлик сари ишончли ҳаракати бутун Марказий Осиё барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, минтақанинг фаровонлиги бутун Осиё қитъаси хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга.
Ишончим комилки, Марказий Осиёда шаклланаётган бунёдкор ғоялар кенг маконимизда ишонч архитектурасини мустаҳкамлашда ўзининг муносиб ифодасини топади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси