Ўзбекистон ва Покистон зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиради
Октябрь 16, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 81
ИСЛОМОБОД, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари, Туризм қўмитаси вакиллари ва мамлакатимизнинг Покистондаги зиёрат туризми элчиси Шайх Муҳаммад Ҳассан Ҳасиб ур-Реҳман ўртасида видеоконференция шаклида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистоннинг бой маданий-маърифий ва тарихий мероси, муқаддас қадамжолари ҳамда зиёрат туризми имкониятларини Покистонда кенг тарғиб қилиш, ушбу йўналишда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги улкан салоҳиятини Покистон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш, покистонлик сайёҳлар ва зиёратчиларнинг юртимиздаги муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар ва диққатга сазовор туристик масканлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Ўзбекистон асрлар давомида ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида эътироф этилиб келган, – деди Шайх Муҳаммад Ҳассан Ҳасиб ур-Реҳман. – Мамлакатингиз ҳудудида жойлашган буюк алломалар, азиз-авлиёлар ва ислом оламида юксак ҳурматга сазовор мутафаккирлар номи билан боғлиқ қадамжолар хорижлик зиёратчилар, шу жумладан покистонликлар учун катта маънавий ва тарихий аҳамиятга эга. Айниқса, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг бой диний-маърифий мероси Ўзбекистоннинг халқаро зиёрат туризмидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратади.
Учрашувда Покистон уламолари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур ташриф икки мамлакат диний-маърифий доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва Ўзбекистон зиёрат туризми имкониятларини Покистонда янада кенг танитишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, ташриф доирасида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиш, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига сафарларни ташкил қилиш бўйича келгусидаги режалар кўриб чиқилди.
Покистон томони Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва ғояси асосида Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази ва қайта реконструкция қилинган Имом Бухорий мажмуасини покистонлик уламолар кўришга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Шунингдек, мазкур ноёб мажмуалар тўғрисидаги махсус видеоматериалларни тайёрлаш ва уларни Покистонда тарқатишга қизиш билдирилди.
Таъкидланишича, мазкур ташаббуслар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаб, халқларимиз ўртасидаги маънавий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизга ташриф буюрувчи покистонлик зиёратчилар оқимини оширишга хизмат қилади.
Бўлиб ўтган онлайн учрашув якунида иштирокчилар ушбу йўналишдаги мулоқотни дипломатик каналлар орқали давом эттиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси