Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида ҳуқуқий ахборот соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Октябрь 16, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 2
МИНСК, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Минскда ўтказилаётган VIII кузги илмий сессия тадбирлари доирасида Ўзбекистон делегациясининг Беларусь Миллий ҳуқуқий ахборот маркази (МҲАМ)га ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хизмат сафари давомида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори ўринбосари Восиджон Эргашев ҳамда МҲАМ раҳбарияти вакиллари – Андрей Мательский, Ирина Чупракова ва Вадим Павлов ўртасида музокаралар ўтказилди.
Делегация таркибидаги Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази вакиллари Қавомиддин Хужжатов ва Зулайҳо Носирова ҳам соҳага оид қатор учрашувларда қатнашди.
Ўзбекистонлик мутахассислар Беларусда ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш, уларга услубий ва юридик ишлов бериш, эталон банк тизимини юритиш ҳамда медиа маконда замонавий технологияларни қўллаш тажрибасини ўрганди. Улар суҳбат жараёнида беларуслик ҳамкасблари билан соҳа истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда икки давлатнинг етакчи тадқиқот ва ахборот тузилмалари – Ўзбекистон Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Беларусь Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва истиқболдаги қўшма режалар белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси