Ким Донг Хо: Корея Республикаси ва KOICA ҳамиша Ўзбекистоннинг ишончли дўсти бўлиб келган

Август 19, 2026. 10:30 • 3 дақ

69
Ким Донг Хо: Корея Республикаси ва KOICA ҳамиша Ўзбекистоннинг ишончли дўсти бўлиб келган

СЕУЛ, 19 август. /“Дунё” АА/. Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) президенти вазифасини бажарувчи Ким Донг Хо мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Ўтган 35 йил давомида Ўзбекистон изчил иқтисодий тараққиёт ва мамлакатни модернизация қилиш йўлидан дадил борди. Айниқса, сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати орқали барқарор ўсишни таъминлаб, Марказий Осиёнинг етакчи давлати сифатида жаҳон ҳамжамияти эътиборини қозонмоқда.

Корея Республикаси ва Ўзбекистон 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён узоқ йиллик ўзаро ишонч ва дўстлик асосида алоқаларини алоҳида стратегик шериклик даражасига олиб чиқди.

Икки мамлакат таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш ва маданият каби турли соҳаларда яқин ҳамкорликни давом эттириб, биргаликда стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўймоқда. KOICA ҳам сўнгги 30 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон халқининг ишончли ҳамкори бўлиб келмоқда.

Шахсан ўзим Ўзбекистонда жами беш йил фаолият юритдим. Шу боис мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг мустаҳкамланиб, изчил ривожланаётганини кўриш менга алоҳида мамнуният бағишлайди.

KOICA 1991 йилдан буён Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 250 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширди. Жорий йилда таълим, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, атроф-муҳит ва ҳудудий ривожланиш соҳаларида турли дастурлар ҳаётга татбиқ этилди. Ҳамкорлигимиз рақамли трансформация, илм-фан, технологиялар ва “яшил” иқтисодиёт йўналишларида кенгайтирилмоқда.

Хусусан, KOICA Ўзбекистондаги илк технологик стартапларни қўллаб-қувватлаш маркази – “U-Enter”ни ташкил этиш орқали кўплаб ёшларнинг тадбиркорлик орзуларини рўёбга чиқариши учун мустаҳкам замин яратди. Ушбу ташаббус янги инновацион экотизимни шакллантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Шунингдек ўқинг

Айни пайтда KOICA Ўзбекистон Ҳукумати билан ҳамкорликда рақамли давлат бошқарувини такомиллаштириш, сунъий интеллектга асосланган ҳуқуқий хизматларни жорий этиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби истиқболли янги лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда. Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт стратегияси – “Ўзбекистон – 2030”ни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.

Жорий йил сентябрь ойида ўтказиладиган биринчи “Корея Республикаси – Марказий Осиё” саммити ўзаро истиқболли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берадиган муҳим бурилиш нуқтаси бўлади. Саммит доирасида KOICA “Инклюзив ва барқарор тараққиёт учун сунъий интеллект” мавзусида “Сеул халқаро ODA конференцияси”ни ўтказишни режалаштирмоқда.

Ушбу конференция Корея Республикаси, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда барқарор тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлик йўлларини биргаликда муҳокама қилишга хизмат қиладиган муҳим майдон бўлишига умид қиламан.

Корея Республикаси ва KOICA ҳамиша Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ҳамда келажакни биргаликда барпо этадиган ҳамкори бўлиб келган. Келгусида ҳам икки халққа янада фаровон ҳаёт ва янги умидлар олиб келадиган ҳамкорлигимизни изчил давом эттирамиз.

Мустақилликнинг 35 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистон келгусида янада тинч ва фаровон давлат сифатида тараққий этишини тилайман.

Ўзбекистон халқига мустаҳкам соғлиқ ва хотиржамлик, ҳар бир хонадонига фаровонлик ва бахт-саодат тилайман.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан яна бир бор табриклайман!

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш