Колин Дюркоп: Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, тинчлик ва ҳамкорликни таъминлашда муҳим таянч давлатдир
Август 19, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 164
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 19 август. /“Дунё” АА/. “Германия–Ўзбекистон” дўстлик жамияти президенти Колин Дюркоп мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Бутун ўзбек халқини “Германия–Ўзбекистон” дўстлик жамияти вакиллари номидан Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин.
1991 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар, иқтисодий юксалиш ва ижтимоий тараққиётнинг янги даври бошланди. Ўтган йиллар давомида мамлакат ўз тараққиёт йўлини изчил давом эттириб, турли соҳаларда салмоқли натижаларга эришди.
Ислоҳотлар, модернизация ва ташқи дунёга очилиш натижасида Ўзбекистон бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, тинчлик ва ҳамкорликни таъминлашда муҳим таянч давлат сифатида, халқаро майдонда ҳам мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда.
Тараққиёт жараёнида Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар ҳам изчил кенгайиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Германия–Ўзбекистон дўстлик жамияти 30 йилдан ортиқ вақт давомида ўзининг кўп қиррали фаолияти орқали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантириш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ишонамизки, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар келгусида ҳам янада ривожланиб, янги қўшма ташаббус ва лойиҳалар билан бойиб боради.
Ўзбекистон диёрида ҳамиша тинчлик, осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурсин. Меҳмондўст ва олижаноб ўзбек халқига бахт, саломатлик ва омад тилаймиз.
Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва яқин алоқалар янада кенгайиб, халқларимиз манфаати йўлида мустаҳкамланиб бораверсин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси