Лутфи Элван: Янги Ўзбекистон – Марказий Осиёда барқарор тараққиёт ва юксалишнинг энг ёрқин намунасидир

Август 18, 2026. 14:00 • 2 дақ

26
Лутфи Элван: Янги Ўзбекистон – Марказий Осиёда барқарор тараққиёт ва юксалишнинг энг ёрқин намунасидир

АНҚАРА, 18 август. /“Дунё”/. Туркия собиқ молия вазири, “Kalyon Holding” бошқарув кенгаши раиси ўринбосари Лутфи Элван мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Биродар Ўзбекистон халқини яқинлашаётган мустақиллик айёми билан чин дилдан муборакбод этаман.

Мамлакатда сўнгги ўн йил ичида “Янги Ўзбекистон” ғояси асосида амалга оширилган улкан ўзгаришлар ҳайратланарли. Глобал беқарорлик ҳукм сураётган бугунги шароитда ҳам Ўзбекистон ўз йўлидан оғишмасдан тараққиётга эришмоқда.

Ўзининг беқиёс тарихий ва маънавий меросига таянган бу диёр бугун барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Шу боисдан сўнгги пайтларда мамлакат минтақадаги энг муҳим тараққиёт марказларидан бирига айланди.

Иқтисодчи ва Туркиянинг собиқ вазири сифатида айтадиган бўлсам, мамлакатдаги ўзгаришлар алоҳида эътирофга лойиқ. Бунда, албатта, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуслари ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Давлат раҳбари бошчилигида валюта бозорини эркинлаштириш бўйича қабул қилинган қарор мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувида бурилиш нуқтаси бўлди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, кенг қамровли солиқ ислоҳоти, банк тизимининг замонавий молиявий стандартлар асосида қайта ташкил этилиши ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар Ўзбекистонни халқаро инвесторлар учун ишончли ва барқарор инвестиция муҳитига эга мамлакатга айлантирди.

Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатли, конструктив ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган ташқи сиёсати бугун минтақада тинчлик ва барқарорликнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Қардош ўлканинг иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва бошқа долзарб глобал масалалар юзасидан илгари сураётган ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти эътиборига тушмоқда.

Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга янада мустаҳкамланиб бораётгани кишини қувонтиради. Тобора юксалиб бораётган муносабатларимиз янги-янги стратегик лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишига замин яратаяпти.

Яна бир бор қардош Ўзбекистон халқини истиқлол айёми билан чин қалбимдан табриклайман.

Мамлакатнинг тинч, фаровон ва порлоқ келажак сари эзгу тараққиёт йўли доимо бардавом бўлишини тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш