“Kiyv Diplomatic”: 2030 йилда Ўзбекистонга туристлар оқими 20 миллион кишига етказилади
Декабрь 04, 2025. 13:06 • 2 дақ
• 213
КИЕВ, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Украинанинг нуфузли “Kiyv Diplomatic” нашрида Ўзбекистон туризм соҳасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири
“Ўзбекистонда 2030 йилга келиб хорижий сайёҳлар оқимини 10 миллиондан 20 миллион кишига етказиш, сайёҳлик хизматлари экспортини 6 миллиард долларга ошириш ҳамда таклиф этилаётган маршрут ва хизматлар турларини сезиларли даражада кенгайтириш режалаштирилган. Шаҳарларда янги замонавий меҳмонхоналар, жумладан, халқаро брендлар пайдо бўлади, сайёҳлик марказлари ўртасидаги транспорт алоқаси сезиларли даражада яхшиланади”, – дея қайд этилган мақолада.
Нашрда таъкидланишича, Самарқандда маданий объектларни ягона концепцияга бирлаштирувчи янги тарихий маршрут – “Самарқанд мероси маршрути” яратилади. Хивадаги Ичан-Қалъа мажмуаси рақамли навигация, интерактив жойлашувлар ва технологик хизматларга эга бўлган дунёдаги биринчи иммерсив “ақлли” шаҳар-музейга айлантирилади.
2030 йилга келиб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада жаҳон брендлари жойлашган халқаро аутлет-марказлар пайдо бўлади. Вақт ўтиши билан шунга ўхшаш марказлар бошқа сайёҳлик ҳудудларида ҳам очилади.
“2026 йилдан хорижий меҳмонлар қўшимча қиймат солиғини нақд пулда қайтариб олиши мумкин бўлади, бу саёҳатларни янада фойдали қилади. Бундан ташқари, давлат халқаро конференциялар, кўргазмалар ва фестивалларни қўллаб-қувватлашни давом эттиради. Ташкилотчиларга харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади, бу мамлакатни янада кўпроқ йирик тадбирларни ўтказиш учун жозибадор кўрсатади”, – деб ёзган муаллиф.
Шунингдек, нашрда келтирилишича, ислоҳотларнинг алоҳида бир бўлими саёҳат сифатини ва қулайлигини оширишга қаратилган.
2026 йил ёзига қадар Ягона миллий туризм платформаси ишга туширилади. Хорижий меҳмонларни рўйхатдан ўтказиш, электрон СИМ-карта, транспорт чипталарини харид қилиш, меҳмонхоналарни бронь қилиш, “ягона чипта” тизими ва рақамли сайёҳлик йўриқномаси ягона сайти ва иловаси мавжуд бўлади.
“Дастурда инсон ресурсларини ривожлантириш ва хизматлар сифатини ошириш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, Самарқандда Халқаро туризм академияси кенгайтирилмоқда, унинг асосида гидлар, меҳмонхона менежерлари, сайёҳлик маршрутлари, операторлари ва рақамли хизматлар мутахассислари учун янги курслар очилади”, – дея хулосаланган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси