Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳақидаги китоб қирғиз тилида нашр этилди
Июль 22, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 85БИШКЕК, 22 июль. /“Дунё” АА/. Бишкекдаги Алиқул Усмонов номидаги Миллий кутубхонада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳақидаги машҳур “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” (“New Uzbekistan: The Way of Шавкат Мирзиёев”) китобининг қирғиз тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлиги ёзишича, тадбирда Қирғизистон давлат котиби Арслон Койчиев, маданият вазири ўринбосари Салкин Сарногоева, Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчиси Дуйшонқул Чотонов, Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев ҳамда икки мамлакатнинг илмий ва ижодий зиёлилари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти, тақдим этилаётган нашрнинг илмий-таҳлилий аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қайд этилганидек, китобнинг қирғиз тилида чоп этилиши Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг янада ривожланишига ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги маънавий-интеллектуал алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Китоб Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотлар, мамлакат ривожланишининг стратегик йўналишлари ҳамда халқаро ҳамкорликка доир янгича ёндашувларга бағишланган халқаро илмий-таҳлилий асардир.
Халқаро сиёсий майдонда катта қизиқиш уйғотган ушбу нашр аввалроқ инглиз, араб, рус ва бошқа тилларда чоп этилиб, етакчи халқаро платформаларда тақдим қилинган эди.
Китоб тақдимотлари Вашингтонда АҚШ Конгресси кутубхонасида ва йирик таҳлилий марказларда ўтказилди. Европада эса нашр Женевадаги БМТнинг Миллатлар саройида намойиш этилди. Шунингдек, китоб Покистон ва Туркия илмий жамоатчилиги томонидан замонавий сиёсий жараёнларни акс эттирувчи асар сифатида юқори баҳоланди.
Таъкидланишича, китоб сиёсатшунослар, дипломатлар, илмий ходимлар, талабалар ҳамда замонавий Ўзбекистон тараққиёти, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ва Марказий Осиёда юз бераётган жараёнларни ўрганишга қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси учун қимматли манба ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
















