Вашингтонда ҳуқуқ соҳасида “Uzbek Law Day – USA 2026” Ўзбекистон–Америка форуми бўлиб ўтди
Октябрь 18, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 113ВАШИНГТОН, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ҳуқуқ соҳасида “Uzbek Law Day – USA 2026” Ўзбекистон–Америка форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу форум дипломатик ваколатхона ҳамда юртимизнинг “Lawday” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад америкалик ҳамкорларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, хорижий инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатлари, халқаро арбитраж ва тижорат низоларини ҳал этиш механизмлари билан таништиришдан иборат бўлди.
Шу билан бирга, форум давомида инвестиция лойиҳаларини ҳуқуқий ҳамроҳлик билан таъминлаш ва АҚШ юридик компаниялари билан қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Форумда АҚШнинг “White & Case”, “Norton Rose Fulbright”, “Clark Hill”, “Arnall Golden Gregory”, “Squire Patton Boggs” ва “Norbeck & Partners” каби етакчи юридик компаниялари, “Willis Towers Watson” консалтинг ва суғурта компанияси, АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP), Америка–Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан “PraeLegal Uzbekistan” ва “Solvo Law Firm” юридик фирмалари, Тошкент халқаро арбитраж маркази, адвокатлик бюролари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашди.
Иштирокчилар инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш ва давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш хорижий инвесторлар иштирокидаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда амалга ошириш учун қўшимча ҳуқуқий имкониятлар яратишини таъкидлади.
Учрашувда америкалик иштирокчилар учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар, инвестиция қонунчилиги, давлат-хусусий шериклик механизмлари, тоғ-кон саноатида инвесторларнинг ҳуқуқ ва имкониятларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва АҚШ юридик компаниялари вакиллари тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиб, инвестиция лойиҳаларини ҳуқуқий ҳамроҳлик билан таъминлаш, халқаро арбитраж соҳасида тажриба алмашиш ҳамда қўшма касбий тадбирларни ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Америка–Ўзбекистон ҳуқуқшунослар ассоциацияси (AULA) ташкил этилгани ҳақида ҳам алоҳида сўз юритилди. Бундан ташқари, “Uzbek Law Day – USA 2026”га бағишланган тадбирлар доирасида Америка–Канада ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар ассоциацияси (ACULA) тузилгани расман эълон қилинди. Янги ташкилотнинг илк йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон, АҚШ ва Канада ҳуқуқшунослари ҳамжамиятлари ўртасида доимий алоқаларни йўлга қўйиш, халқаро ҳуқуқий тажриба алмашиш, Ўзбекистонга йўналтирилаётган хорижий инвестицияларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, халқаро арбитраж ва тижорат ҳуқуқи соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш уюшманинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





