Косуке Уэмура: Ҳар сафар Ўзбекистонга ташриф буюрганимда, бу халқнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги ва меҳнатсеварлигини ҳис қиламан

Сентябрь 01, 2026. 12:00 • 5 дақ

33
Косуке Уэмура: Ҳар сафар Ўзбекистонга ташриф буюрганимда, бу халқнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги ва меҳнатсеварлигини ҳис қиламан

ТОКИО, 1 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг “Sojitz” корпорацияси президенти ва бош директори Косуке Уэмура Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” ахборот агентлигига интервью бериб, Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги ва Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганининг 10 йиллиги нишонланмоқда. Сизнингча, мамлакатдаги ишбилармонлик ва инвестиция йўналишида қайси ўзгаришлар аҳамиятли?

– Жорий йил июнь ойидаги ташрифим давомида Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишида иштирок этиб, ҳукуматнинг кўплаб вакиллари билан учрашдим.

Мамлакатда ислоҳотларни муҳокама қилишдан уларни амалга ошириш босқичига ишонч билан ўтилаётгани менда энг катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистонда сармоядорлар билан мулоқот жуда очиқ руҳда кечади, бирор муаммо юзага келган тақдирда, тегишли идоралар биргаликда ечим излайди.

Хизмат сафари давомида Инвестициялар, саноат ва савдо, Транспорт, Энергетика, Соғлиқни сақлаш ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларда давлат ва хусусий сектор биргаликда ҳаракат қилаётганига амин бўлдим.

– “Sojitz” ҳозирда Ўзбекистон билан ҳамкорликда қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда ва мавжуд ҳамкорликнинг қайси йўналишларини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?

– Айни пайтда корпорациямиз Ўзбекистонда тўртта йирик лойиҳа бўйича иш олиб бормоқда.

Биринчиси – Тошкентда янги халқаро аэропорт қуриш лойиҳаси. Жорий инвестиция форуми доирасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Унга кўра, қурилиш якунлангач, у йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсата оладиган Марказий Осиёдаги йирик ва етакчи аэропортлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Навоий вилоятида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси ҳам аҳамиятли ҳисобланади. 2024 йилда лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоланган бўлиб, ҳозирда асосий шартномалар, жумладан, электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимни тузиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика соҳасидаги мақсадларига эришишига салмоқли ҳисса қўшади.

Шунингдек, Самарқандда 800 ўринли кўп тармоқли шифохона қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа нафақат шифохона қурилишини, балки бошқарув соҳасидаги ноу-хауларни тақдим этиш ва тиббиёт кадрларини тайёрлашни ҳам ўз ичига олади.

Бундан ташқари, “Сирдарё-2” газ электр станциясини қуриш лойиҳаси муваффақиятли давом этмоқда. Қурилишни йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Станция ишга туширилгач, мамлакатнинг барқарор энергия таъминотига муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.

– Ўзбекистон “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация ва инновацияларни устувор йўналишлар сифатида ривожлантирмоқда. Бу борада “Sojitz”нинг мамлакатимизда янги лойиҳаларни ишга тушириш ёки мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш бўйича қандай имкониятлари мавжуд?

– Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларига эга. Шу боис 2030 йилга бориб “яшил” энергиянинг улушини сезиларли даражада оширишни мақсад қилиб қўйган.

Шу билан бирга, электр узатиш инфратузилмаси ҳамда энергиятежамкор ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда инфратузилмани бошқариш йўналишларида ҳам катта имкониятлар очилмоқда.

Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан шифокор ва ҳамшираларни тайёрлаш, юқори технологияли тиббиёт, ПЕТ марказлари ва саратон диагностикаси масалалари юзасидан фикр алмашдик. Япония технологиялари ва ноу-хауларидан фойдаланиб, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга ҳисса қўшиш имкониятига эгамиз.

Шунингдек ўқинг

– Сиз Ўзбекистон Президенти билан ҳам учрашишга муваффақ бўлдингиз. Ушбу мулоқот давомида ҳамкорликнинг кейинги йўналишлари бўйича қандай устувор вазифалар белгилаб олинди?

– Бизни “Узоқ муддатли шериклик” деган умумий ғоя бирлаштириб туради. Ўзбекистон нафақат молиявий воситалар, балки мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган технологиялар, кадрлар тайёрлаш, иш ўринлари яратиш ва юқори сифатли инвестицияларга ҳам муҳтож. Бу бизнинг компаниямиз ёндашувларига тўла мос келади.

Шу боис, биз электр станциялари, аэропортлар ва шифохоналар каби инфратузилмаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Энг муҳими, Ўзбекистон келажагини барпо этиш учун зарур бўладиган йўналишларда ҳамкорлик қилишга интиламиз.

– Яқин йиллар ичида “Sojitz”нинг Ўзбекистон билан шериклигини ривожлантириш учун қайси тармоқ ёки лойиҳалар муҳим аҳамият касб этади?

– Транспорт, логистика, энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кенг имкониятлар бор. Хусусан, Тошкентнинг янги халқаро аэропорти Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг авиация ва логистика марказига айлантиради.

Бундан ташқари, “Сирдарё-2” газ электр станцияси ва Навоий вилоятидаги шамол электр станцияси иқтисодий ўсиш учун зарур бўлган электр энергиясининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш ҳамда энергетик ўтишни илгари суришга салмоқли ҳисса қўшади.

Самарқанддаги шифохона қурилиши лойиҳаси доирасида нафақат тиббий инфратузилмани ривожлантиришга, балки кадрлар тайёрлаш, тиббий хизматлар сифатини оширишга ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.

Ўзбекистонга ташрифим чоғида ҳукумат вакиллари билан энергетика инфратузилмаси, жумладан, электр тармоқларини такомиллаштириш, энергияни тежаш, газ ташиш инфратузилмасини модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилдик. Биз ўта муҳим минераллар ва ресурслар бўйича фикр алмашмоқдамиз ҳамда Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятларни кўриб чиқаяпмиз.

Компаниямиз айни дамда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ишончли ижросини кафолатлайди. Биз келгусида ҳам янги соҳаларда фаолиятимизни кенгайтириб, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз. Ўзбекистон билан нафақат инвестор, балки узоқ муддатли ҳамкор сифатида бирга юксалиш ниятидамиз.

– Мустақилликнинг 35 йиллиги ҳамда Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг 10 йиллиги муносабати билан мамлакат халқига тилакларингиз?

– Аввало, мамлакат халқини мустақилликнинг 35 йиллиги ҳамда Янги Ўзбекистон ислоҳотлари бошланганининг 10 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.

Ҳар сафар Ўзбекистонга ташриф буюрганимда, бу халқнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги ва меҳнатсеварлигини ҳис қиламан.

Сўнгги ташрифим чоғида кўплаб ҳукумат вакиллари, ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашдим. Уларнинг барчаси ўз Ватани келажагига катта ишонч ва ифтихор туйғуси билан яшаётганини ҳис қилдим. Ўйлайманки, халқнинг айнан мана шундай фазилатлари Янги Ўзбекистон тараққиётининг таянчидир.

Япония ва Ўзбекистон ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларга таяниб, кўп йиллардан буён яхши алоқаларни йўлга қўйиб келмоқда. Келгусида бу муносабатлар нафақат иқтисодий соҳада, балки кадрлар тайёрлаш, техник ҳамкорлик ва маданий алмашинув каби кенг йўналишларда ҳам ривожланиб боради.

Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги кўприк бўлаётган корпорациямиз бундан кейин ҳам шерикликни ривожлантириб, икки мамлакат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.

Ўзбекистон янада гуллаб-яшнасин! Ўзбек халқига мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат тилаб қоламан.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш