Александра Перминова: Россия–Ўзбекистон муносабатлари кўлами сезиларли даражада ривожланмоқда

Сентябрь 01, 2026. 08:00 • 4 дақ

190
Александра Перминова: Россия–Ўзбекистон муносабатлари кўлами сезиларли даражада ривожланмоқда

МОСКВА, 1 сентябрь. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Хитой ва замонавий Осиё институти Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари, сиёсатшунослик фанлари номзоди Александра Перминова юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин кўнгилдан табриклайман.

Сўнгги йилларда Россия–Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кўлами ва мазмуни жиҳатидан сезиларли даражада ривожланди. Бундай алоқалар сиёсий жиҳатдан ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари сифатида белгиланган. Иқтисодиётда эса бу тушунчалар ортида аниқ рақамлар, корхоналар ва лойиҳалар турибди. 2026 йил июль ойида икки мамлакат президентлари суҳбат чоғида ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.

2026 йил июнь ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Шавкат Мирзиёев Россиянинг Ўзбекистон сиёсатидаги ўрни ҳақида фикр билдириб, Россия Ўзбекистон учун вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкор ва иттифоқчи эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Бу баҳо расмий статистика билан ҳам тасдиқланади. 2025 йил якунлари бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ошиб, 13 миллиард долларни ташкил қилди. Ўзбекистон етакчиси айтганидек, сўнгги ўн йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёд ошиб, 4 миллиард доллардан 13 миллиард долларга етди. Ўсиш 2026 йилда ҳам давом этмоқда.

Россия–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлиги фақат савдо билан чекланиб қолмаяпти. Саноат кооперацияси, инвестициялар ва қўшма ишлаб чиқаришлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 3,2 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Икки мамлакат компаниялари металлургия, энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, рақамлаштириш ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Қўшма лойиҳалар кўлами ҳам ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Россия билан қўшма лойиҳалар портфели 50 миллиард доллардан ошади. Аниқ йўналишлар қаторида Ўзбекистоннинг бешта ҳудудида қўшма саноат паркларини ташкил этиш ва Тошкентда вагонсозлик кластерини барпо этиш бор. Ҳозир амалга оширилаётган ҳудудлараро лойиҳалар ҳажми 5 миллиард долларга баҳоланмоқда, яна 5 миллиард долларлик янги инвестициялар пакети тайёрланмоқда.

Қўшма ишлаб чиқариш йўналиши ҳам ривожланмоқда, маҳаллийлаштириш оширилиб, янги кооперация алоқалари шаклланмоқда. Икки давлат раҳбарлари кейинги мақсад сифатида 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган.

Шунингдек ўқинг

Энергетика соҳаси алоҳида ўрин тутади. 2026 йил 4 июнь куни Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергоблоки қурилишини бошлашга старт берди. Лойиҳа кичик модулли атом энергетикаси ва йирик базавий энергетикани уйғунлаштириб, Ўзбекистон учун янги йўналиш бўлган атом энергетикасини ривожлантиришга асос яратади.

Икки томонлама муносабатлар фақат миллиардлаб доллар ёки саноат объектлари билан чекланиб қолгани йўқ. Таълим, маданият, тил, илмий ва касбий алоқалар бўйича ҳам йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасаларининг 15 та филиали фаолият юритмоқда. Мамлакатда жами 32 та хорижий университет филиали ишламоқда, яъни уларнинг қарийб ярми Россия таълим муассасалари ҳисобига тўғри келади. Бу Россия университетларининг хориждаги энг йирик тармоғидир. Қолаверса, Олмалиқ ва Тошкентда дастлабки қўшма муҳандислик мактаблари фаолият бошлаган.

Айнан шундай гуманитар алоқалар кўп жиҳатдан муносабатларнинг йиллар давомида барқарор бўлишини таъминлайди. Иқтисодий вазият ва давлатларнинг айрим устувор йўналишлари ўзгариши мумкин. Бироқ университетлар, илмий ташкилотлар, корхоналар, ҳудудлар ва, энг муҳими, инсонларнинг доимий ҳамкорлиги келгусидаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратади.

2025 йилги маълумотларга кўра, Россиянинг қарийб 80 та субъекти Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилган. 2026 йил июль ойида икки давлат етакчилари ҳудудлар ўртасидаги шерикликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди.

Умуман олганда, мамлакатларимизни бирлаштирувчи жиҳатлар кўп. Шу боис, Ўзбекистон ва Россия кўп йиллардан буён муҳим ҳамкор ҳисобланади. Мақсад ва манфаатлар муштараклиги ҳамда узоқ муддатли йирик лойиҳалар ўзаро алоқаларни мустаҳкамламоқда.

Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик, янги ислоҳотларда куч ва ғайрат тилайман.

Россия–Ўзбекистон муносабатлари янада ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат тобора мустаҳкамлансин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш