Латвия ва Литвада Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланмоқда
Сентябрь 13, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 121РИГА, 13 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан расмий қабул маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Латвия Ҳукумати ва давлат органлари вакиллари, дипломатик корпус аъзолари, ишбилармон ва бизнес доиралари, жамоат ташкилотлари ҳамда Латвия жамоатчилигининг турли соҳалари вакиллари иштирок этди.
Расмий қабул маросимида меҳмонларга Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёт йўли, хусусан, сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда ташқи иқтисодий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги роли, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни изчил ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Шу билан бирга, хориж жамоатчилигига мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий меросини кенг намойиш этиш мақсадида Вильнюс шаҳрида Литвадаги Ўзбек маданияти маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Мустақиллик кунига бағишланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Маданий кечада Литвада истиқомат қилаётган ватандошлар, маҳаллий жамоатчилик, маданият ва санъат арбоблари ҳамда Литва Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Миллий озчиликлар ишлари бўйича департамент вакиллари иштирок этди.
Тадбирларда “Халқлар дўстлиги” ансамбли санъаткорлари томонидан ўзбек концерт дастури намойиш этилди. Миллий куй-қўшиқлар ва анъанавий рақслар ижро этилган бадиий чиқишлар тадбир иштирокчилари томонидан катта қизиқиш ва самимият билан кутиб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий ва бетакрор тарихий шаҳарлари ҳамда ҳудудлари, хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг бой маданий мероси, ноёб меъморий обидалари, миллий анъаналари ва туристик салоҳиятини халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Меҳмонларга мамлакатимизнинг тарихий-маданий ёдгорликлари, замонавий туристик инфратузилмаси ҳамда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирлар якунида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эзгу тилаклар билдирилиб, Ўзбекистон, Латвия ва Литва ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантиришнинг муҳимлиги таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



