Кувайт делегацияси Қорақалпоғистонда ижтимоий лойиҳалар ва хайрия акцияларини амалга оширмоқда
Октябрь 28, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 138НУКУС, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йил 25–26 октябрь кунлари Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси ташаббуси билан Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Кувайтнинг “Шайх Абдуллоҳ ан-Нури” хайрия жамияти ва “Euro Sky Investment” компанияси раҳбарларидан иборат делегация Қорақалпоғистоннинг Шуманай ва Кегейли туманларида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки кунлик сафар давомида кувайтлик ҳамкорлар ушбу туманлардаги қатор ижтимоий объектлар билан бевосита танишиб, уларни реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш юзасидан музокаралар ўтказдилар.
Хусусан, Шуманай туманидаги касб-ҳунар техникумини замонавий лаборатория ускуналари ва диагностика воситалари билан жиҳозлаш, Кегейли туманидаги 350 ўринли касб-ҳунар техникумини таъмирлаш ҳамда ёшларни замонавий касбларга ўқитиш учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Шуманай туманидаги “Майли Узек” тиббий амбулаториясининг ҳолати ўрганилиб, муассасани таъмирлаш ёки янги тиббий объект барпо этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳар икки туманда ичимлик суви қудуқларини ташкил этиш, сув чиқариш иншоотлари ва тозалаш тизимларини барпо этиш масалалари ўрганилди.
Кегейлида эса ногиронлиги бўлган 10 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаш ва уларнинг ҳаракатланиши учун қулай шароитларга мослаштириш бўйича янги грант лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари белгиланди.
Ташриф доирасида хайрия тадбирлари ҳам ташкил этилди. Шуманай туманидаги касб-ҳунар техникуми ва 7-сонли мактабнинг 35 нафар иқтидорли ўқувчисига ўқув жиҳозлари ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, икки тумандаги 240 та оилага бир ойлик озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат хайрия тўпламлари тарқатилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги ижтимоий соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда грант маблағларини жалб этган ҳолда янги амалий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







