Ўзбекистон ва Покистон етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар
Март 20, 2026. 22:20 • 2 дақ
• 71
ТОШКЕНТ, 20 март. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, икки давлат етакчилари бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр ва қутлуғ Наврўзи олам байрамлари муносабати билан бир-бирларини самимий қутладилар. Дўст Ўзбекистон ва Покистон халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва давомий равнақ тилаклари изҳор этилди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил февраль ойида Покистонга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янги сифат босқичига кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Олий даражадаги ташрифдан кейин вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар даражасидаги мулоқотлар янада фаоллашгани, ўзаро алмашинувлар аниқ натижалар билан бойиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Суҳбат давомида томонлар сўнгги вақтларда Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ минтақасидаги кескинликдан жиддий ташвиш билдириб, ҳар қандай зиддият ва муаммони фақат тинч ва дипломатик воситалар орқали ҳал этиш зарурлигига урғу бердилар.
Сурат Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинди
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси