“London Post”: Остона саммити Марказий Осиёнинг глобал экологик масалалардаги ўрни ортиб бораётганини кўрсатди
Апрель 28, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 115
ЛОНДОН, 28 апрель. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур “London Post” ахборот порталида “Марказий Осиё янги экологик босқич бўсағасида” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, 22 апрель куни Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилиши Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим аҳамият касб этган. Бу тадбир мамлакатларда иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ерларнинг деградацияси каби умумий муаммоларга биргаликда ечим излашга имкон яратган. Яъни, минтақа янги ҳамкорликка асосланган экологик сиёсат босқичини муҳокама қилган.
Марказий Осиёдаги экологик муаммолар чегара билмайди. Орол денгизи фожиаси, трансчегаравий сувлардан самарасиз фойдаланиш, чўлланиш ва ҳаво ифлосланиши бутун минтақага таъсир қилмоқда.
Айниқса, Амударё ва Сирдарё ҳавзасидаги нотўғри бошқарув экологик ва иқтисодий муаммоларни кучайтирган. Остона саммитида бу муаммоларни тан олишдан, амалий ечимларга ўтиш бўйича муҳим қадам қўйилди.
Мақола муаллифининг таъкидлашича, Ўзбекистон учун бу саммит ўз экологик сиёсатини намойиш қилиш имконини берди. Мамлакатда “Яшил макон”, “Тоза ҳаво”, “Био мерос”, “Чиқиндисиз ҳудуд” ва “Эко маданият” каби дастурлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Оролбўйини тиклаш бўйича ишлар Ўзбекистонни минтақада муҳим ҳамкорга айлантирмоқда ва халқаро инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилмоқда.
“London Post” маълумотига кўра, Остона саммити Марказий Осиёнинг глобал экологик масалалардаги ўрни ортиб бораётганини кўрсатди. Бу тадбир умумий стратегияни шакллантириш, табиий ресурсларни сақлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон учун эса бу нафақат эришилган натижаларни кўрсатиш, балки халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш учун муҳим имкониятдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси