“Liter”: Ўзбекистон–Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Апрель 26, 2026. 13:30 • 2 дақ
• 52
ОСТОНА, 26 апрель. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Liter” нашрида Тошкентда икки мамлакат стратегик молиявий институтлари ўртасида имзоланган муҳим келишувлар ва иқтисодий интеграция истиқболларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Қозоғистон Экспорт-кредит агентлиги (ЭКА) бошқаруви раиси Аллен Чайжунусов ва Қозоғистон Тараққиёт банки бошқаруви раиси Марат Елибаев Тошкентда Ўзбекистоннинг етакчи банклари билан ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама меморандумларни имзолади.
Мазкур ҳужжатлар Марказий Осиёда иқтисодий интеграцияни кенгайтириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича стратегик устувор йўналишларни белгилаб беради.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бириди. 2025 йил якунларига кўра, ЭКА ўзбек томони билан ишлаётган қозоғистонлик экспортчиларни 300 миллион доллар миқдорида қўллаб-қувватлаган.
Бу ижобий динамика 2026 йилда ҳам давом этмоқда: йил бошидан буён қўллаб-қувватлаш ҳажми 26 миллион долларга етди. Ҳозирда агентлик Ўзбекистоннинг 6 та марказий банки билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда ва ўзаро товар айирбошлаш барқарорлигини таъминламоқда.
Нашрнинг хулоса қилишича, алоҳида битимлардан тизимли платформага ўтиш қозоғистонлик компанияларнинг Ўзбекистон ва халқаро бозорларда узоқ муддатли ҳамда барқарор иштирок этиши учун мустаҳкам асос яратади.
Бунда “Байтерек” холдинги таркибидаги ривожланиш институтлари ягона молиявий контур сифатида чиқиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун хавфларни камайтириш ва молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришни кафолатлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси