Мисрда Янги Ўзбекистон сиёсати ҳақида китоб нашр қилинди
Апрель 27, 2026. 12:55 • 2 дақ
• 253ҚОҲИРА, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Миср пойтахтида ироқлик ёзувчи ва журналист Аҳмад Зубайдийнинг “Маънавият – Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи” номли китоби тақдимотлари бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Асар тақдимотлари Ал-Фарғоний барпо этган Нилометр мажмуаси, Миср Санъат ва маданият-маърифат маркази, Оила ва жамият тараққиёти миллий муассасаси ҳамда Ал-Азҳар ҳузуридаги Татвир таълим марказида ўтказилди.
Ушбу тақдимотлар Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси, Янги Ўзбекистон тараққиёти тадқиқотлари институти ва “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ томонидан ташкил этилди.
Қоҳирадаги “Ал-Виқаф” нашриётида чоп этилган китобда Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар қаламга олинган. Асарда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш, бағрикенглик ва динлараро тотувликни таъминлаш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилган.
Тадбир иштирокчилари араб давлатларида Ўзбекистон сиёсатига катта ҳурмат билан қаралаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон етакчисининг ислом динига бўлган муносабати инсонпарварлик ва бунёдкорликка асослангани, унинг раҳбарлигида маънавий қадриятлар яна тикланаётгани қайд этилди.
Мисрлик олимларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда исломнинг ҳақиқий, инсонпарвар моҳиятини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби муассасалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Бу муассасалар анъана ва замонавий илмни уйғунлаштирган ҳолда фаолият юритмоқда.
Китобда мисоллар орқали дунёвий жамиятда ҳам диний қадриятлар муҳим ўрин тутиши кўрсатилган. Улар халқнинг маданияти, ахлоқи ва турмуш тарзини шакллантириб, авлоддан-авлодга ўтиб келади.
Тадбир иштирокчилари ушбу китоб маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилиши ва турли соҳа вакиллари учун фойдали бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон делегациясининг Мисрга ташрифи доирасида “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ва Қоҳирадаги “Ҳивар” тадқиқотлар маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




