Немис матбуотида Тошкентда ўтказилган сув хавфсизлиги форуми кенг ёритилди
Апрель 27, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 90
БЕРЛИН, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Германиянинг машҳур “GFZ Helmholtz-Zentrum für Geoforschung” илмий-тадқиқот маркази расмий веб-сайтида юртимизда бўлиб ўтган VIII Тошкент сув хавфсизлиги форуми ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Тошкент шаҳрида ўтказилган ушбу анжуманда дунёнинг 19 та давлатидан юз нафарга яқин етакчи эксперт жамланди. Форум “Билимдан амалий ҳаракатга: Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлашда илм-фан ва сиёсат ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш” мавзусига бағишланди.
Мақолада таъкидланишича, минтақада сув хавфсизлигини таъминлаш масаласи глобал иқлим ўзгариши шароитида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли, илмий тадқиқотлар натижаларини бевосита амалиётга жорий этиш ва давлатлараро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш устувор вазифа сифатида қайд этилган.
Тадбир Германиянинг “Green Central Asia” (Яшил Марказий Осиё) ташаббуси доирасида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуман иштирокчилари Марказий Осиёдаги йирик трансчегаравий дарёлар — Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини самарали бошқариш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Мутахассисларнинг фикрича, тез-тез кузатилаётган қурғоқчилик ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари минтақада сув ресурсларига бўлган босимни янада кучайтирмоқда.
Германия илмий марказининг хулоса қилишича, Тошкент форуми илмий ёндашувларга асосланган сиёсий қарорлар қабул қилиш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда. Бу Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлашнинг энг самарали йўлидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси