Logo

Лондонда Марказий Осиё ва Озарбайжон ёшлари ўртасида футбол турнири бўлиб ўтди

Май 04, 2026. 21:30 • 2 дақ

289
Лондонда Марказий Осиё ва Озарбайжон ёшлари ўртасида футбол турнири бўлиб ўтди

ЛОНДОН, 4 май. /“Дунё” АА/. Буюк Британия пойтахтида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ёшлари иштирокида футбол мусобақаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “London Post” нашрига таяниб.

Нашрда таъкидланишича, Марказий Осиёда, айниқса Ўзбекистонда футбол нафақат оммабоп спорт тури, балки халқни бирлаштирувчи, дўстлик ва жамоавийликни мустаҳкамловчи ўйиндир.

Мусобақани ўтказиш ташаббуси Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида амалга оширилди. Ушбу турнир Буюк Британиянинг турли университетларида таҳсил олаётган талабаларни бир жойга тўплади. Беллашувларда талабалар 12 та жамоага бўлинган ҳолда баҳс олиб боришди.

Юртимиз жамоаси орасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари, Ўзбекистон талабалари иттифоқи (UzSU) ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси вакиллари ҳам иштирок этди.

Мусобақа қизғин курашлар остида ўтиб, иштирокчилар ўзаро дўстлик ва ҳурмат муҳитини намоён этдилар. Тадбир нафақат спорт мусобақаси, балки Марказий Осиё ва Озарбайжон ёшлари ўртасида мулоқот қилиш, тажриба алмашиш ва алоқаларни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.

Шунингдек ўқинг

Мақолада ўзбек футболининг тарихий ютуғи – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига йўл олгани алоҳида эътироф этилган.

Мусобақа якунларига кўра, ғолиб ва совриндорларга кубок, медаллар, сертификатлар ҳамда пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, мусобақанинг энг яхши тўпурари учун махсус соврин таъсис этилди.

“London Post”нинг қайд этишича, ушбу мусобақа спортнинг халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, ёшлар дипломатиясини ривожлантириш ҳамда кўп миллатли муҳитда дўстлик ва бирдамлик қадриятларини илгари суришда муҳим аҳамият касб этган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш