Logo

Малайзия компанияси Ўзбекистонда гольф-курорт мажмуасини қурмоқчи

Февраль 03, 2026. 18:52 • 1 дақ

90
Малайзия компанияси Ўзбекистонда гольф-курорт мажмуасини қурмоқчи
Малайзия компанияси Ўзбекистонда гольф-курорт мажмуасини қурмоқчи

КУАЛА-ЛУМПУР, 3 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг “Spora Global Sdn Bhd” компанияси ижрочи директори Фио Фаҳми билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Малайзия компанияси раҳбари Тошкент вилоятида халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий гольф-курорт мажмуасини қуриш бўйича инвестиция таклифини тақдим этди.

Унинг сўзларига кўра, мажмуа нафақат профессионал гольф майдони, балки гольф клуби биноси, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, замонавий турар-жой бинолари, ресторан ва соғломлаштириш мажмуаси, аквапарк ва қишки мавсум учун чанғи иншоотларини ўз ичига олган жаҳон даражасидаги гольф курорти мақомини олади.

Мазкур лойиҳа ҳудудда спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш билан бирга, вилоятнинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.

Инвесторлар ушбу лойиҳани Тошкент вилояти ҳокимлиги билан давлат-хусусий шериклик асосида, шу жумладан, қўшма корхона ташкил этиш орқали амалга оширишни таклиф қилдилар.

Фио Фаҳми яқин кунларда компания раҳбарияти ва мутахассисларидан иборат делегация ушбу лойиҳани амалга ошириш имкониятлари ва жойлашувини батафсил ўрганиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.

“Spora Global Sdn Bhd” компанияси 2012 йилда ташкил этилган. Асосий фаолияти меҳмонхона ва курортларни лойиҳалаш, қуриш, бошқариш, таъмирлаш ва дизайн қилишдан иборат. У Сингапур, Австралия, Вьетнам, Индонезия, Янги Зеландия ва Шотландияда гольф клубларини бошқаради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш