Малайзия компанияси Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди

Ноябрь 02, 2026. 20:30 • 2 дақ

• 175
Малайзия компанияси Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди

КУАЛА-ЛУМПУР, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев “Farmasia Sdn Bhd” компанияси раҳбарлари Муҳаммад Заид Аб Раҳмон ва Зохрах Разак билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда юртимиз фармацевтика саноатига Малайзиядан замонавий технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар суҳбат давомида компания маҳсулотлари – парваришлаш ва гигиена воситаларини Ўзбекистонда ҳамкорликда ишлаб чиқариш истиқболлари хусусида фикр алмашди.

Компания раҳбарлари Ўзбекистонда босқичма-босқич қадоқлаш ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш орқали минтақанинг жадал ривожланаётган бозорига кириб бориш ва сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.

Режага кўра, 1-босқичда жароҳатларни парваришлаш учун мўлжалланган воситалар ва геллардан минтақа бозорига мос келадиганлари танлаб олиниб, маркетинг тадқиқотлари йўлга қўйилади. 2-босқичда иккиламчи қадоқлаш бўйича маҳаллий ишлаб чиқариш қувватлари (ISO стандартлари асосида) ташкил этилади.

Шунингдек ўқинг

Етказиб бериш тармоғини такомиллаштириш, давлат харидларида (тендерларда) иштирок этиш, қадоқлаш қувватларини ошириш орқали Ўзбекистон ҳудудларига маҳсулотларни тарқатиш ишлари 3-босқичда амалга оширилади.

Навбатдаги босқичда маҳаллий тайёрлаш (формуляция) ва аралаштириш (компаундинг) жараёнларини йўлга қўйиш, Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқиш кўзда тутилган.

2007 йилда ташкил этилган “Farmasia Sdn Bhd” компанияси ўз фаолиятини шифохоналар, клиникалар ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш билан бошлаган. Ҳозирда компания яраларни парваришлаш маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш