Мюнхен шаҳрида “Usbekistan-Forum 2026 In München” форуми бўлиб ўтди

Ноябрь 01, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 246
Мюнхен шаҳрида “Usbekistan-Forum 2026 In München” форуми бўлиб ўтди
Мюнхен шаҳрида “Usbekistan-Forum 2026 In München” форуми бўлиб ўтди
Мюнхен шаҳрида “Usbekistan-Forum 2026 In München” форуми бўлиб ўтди

МЮНХЕН, 1 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Бавария федерал ҳудудига ташрифи доирасида Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов Мюнхен шаҳрида ташкил этилган “Usbekistan-Forum 2026 In München” форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон элчихонаси кўмагида “Klett EDU GmbH” компанияси томонидан “Ost-West-Wirtschaftsforum” билан ҳамкорликда Бавария парламенти (Ландтаг) жойлашган тарихий “Maximilianeum” биносида ўтказилди.

Форумда Бавариянинг собиқ Европа ишлари ва халқаро алоқалар бўйича давлат вазири, Ландтаг депутати Эрик Байсвенгер, Германия Бундестаги депутати Штефан Майер, минтақавий парламент вакиллари, тиббиёт муассасалари, корхоналар ва касб-ҳунар таълими ташкилотлари раҳбарлари, ватандошлар ҳамда журналистлар қатнашдилар.

Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий салоҳияти, бой тарихи ҳамда туристик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Бавария ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ишбилармон доиралар ва таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек ўқинг

Касб-ҳунар таълими, меҳнат миграцияси ва малакали кадрларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Klett EDU” вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим лойиҳалари ва келажакдаги режалар ҳақида сўзлаб бердилар. Томонлар мутахассисларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш механизмларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, Германияда касбий таълим олаётган ёш ўзбекистонлик фуқаролар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Бавария меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт ва парвариш, қурилиш, умумий овқатланиш ҳамда логистика соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш истиқболлари кўриб чиқилинди.

Форум доирасида немис нашриётининг вакили Хольгер Кречмар Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказди ҳамда мамлакатимиз бўйича янги махсус қўлланма-китобни таништирди. Таниқли немис архитектори ва ношири, профессор Филипп Мойзер Тошкентнинг шаҳарсозлик тарихи ва архитектура мероси хусусида маъруза қилди.

Тадбир якунида меҳмонлар учун махсус дастурхон ёзилиб, ўзбек миллий таомлари, жумладан, ош тортилди. Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқот давомида иштирокчилар ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш