“Eureflect”: Ўзбекистонда “Мустақиллик авлоди” мамлакат тараққиётининг асосий кучига айланмоқда
Август 20, 2026. 09:35 • 2 дақ
• 159
БРЮССЕЛЬ, 20 август. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг нуфузли “Eureflect” нашрида “Мустақиллик авлоди: Ипак йўлининг янги навигаторлари” номли таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Мамлакатда уларни “Мустақиллик авлоди” деб аташади. Глобал интернет, очиқ чегаралар ва сўнгги ўн йилликдаги шиддатли ислоҳотлар даврида шаклланган ушбу авлод бугун давлат ва жамият бошқарувида фаол ўрин эгалламоқда.
Муаллиф рақамли иқтисодиёт ва IT-соҳасидаги туб ўзгаришларга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Бугунги кунда Тошкентдаги IT Парк ва унинг ҳудудий бўлимлари Ўзбекистонни технологик хизматлар экспортчисига айлантирмоқда. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси, хорижий олийгоҳлар филиалларининг очилиши ҳамда соҳага берилган имтиёзлар ёшлар учун муҳим “ижтимоий лифт” вазифасини ўтамоқда.
Нашрда мамлакатда 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилиши, пахта бойкотининг бекор қилиниши, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқлик сиёсатини белгилаб бергани урғуланган. Бунинг мантиқий давоми сифатида Самарқандда ЮНЕСКОнинг XIV Ёшлар форуми ҳамда “Эко-заковат” халқаро турнири каби йирик анжуманлар ўтказилгани қайд этилади.
Креатив индустрия ва миллий маданиятни модернизация қилиш йўналишида ҳам ёшларнинг роли ортиб бормоқда. Атлас, адрас каби миллий газламалар ва иқат техникаси ёш дизайнерлар томонидан қайта талқин этилиб, Париж ва Милан мода ҳафталикларига олиб чиқилмоқда. Маданий мероснинг бундай тақдим этилиши мамлакат нуфузини оширмоқда.
35 йиллик шодиёнани қарши олаётган Ўзбекистондаги янгиланиш ва демократик ўзгаришлар жараёни жамиятнинг, хусусан, ёш авлоднинг ҳаётий эҳтиёжига айланган. Бугунги Мустақиллик авлоди Буюк Ипак йўлининг очиқлик ва маданиятлараро мулоқот анъаналарини рақамли даврда муваффақиятли давом эттирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси