Тошкент ва Лаҳор ўртасида навбатдаги тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади
Февраль 11, 2026. 14:45 • 52 сония
• 121
ЛАҲОР, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг йирик хусусий авиакомпанияси ҳисобланган “Centrum Air” Покистонга парвозларни йўлга қўйишини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жорий йил апрель ойидан бошлаб мазкур авиакомпания Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва Покистоннинг иккинчи йирик шаҳри – Лаҳор ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни очади. “Тошкент – Лаҳор” йўналиши бўйича ҳаво қатновлари ҳафтасига икки марта амалга оширилиши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги авиақатновлар сони сезиларли даражада ошди. Хусусан, “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси томонидан Тошкент–Исломобод ва Тошкент–Лаҳор ўртасида ҳафтасига тўртта авиақатнов амалга ошириляпти.
Бугунги кунга қадар ушбу авиақатновлар хизматидан 30 мингдан ортиқ йўловчилар фойдаланди. Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ушбу қулайликлардан фойдаланиб, 2025 йилда салкам 19 минг Покистон фуқаролари Ўзбекистонга сайёҳлик мақсадида борди.
Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасида навбатдаги тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон–Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, туризм, илмий-академик ва таълим соҳаларидаги алмашинувлар, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
“Centrum Air” авиакомпанияси 2023 йилда ташкил этилган. Авиакомпания парки ҳозирда 14 та самолётдан иборат.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
