Россияда мигрантларни ишдан бўшатиш қоидалари ўзгартирилади
Февраль 11, 2026. 14:20 • 2 дақ
• 51
МОСКВА, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Шу йил 1 мартдан бошлаб Россияда мигрантларни ишдан бўшатиш учун асослар рўйхатини кенгайтириш режалаштирилмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири “ТАСС” манбасига таяниб.
Манбага кўра, ҳудудий даражада чет эл ишчи кучини жалб этишга чекловлар жорий этилган тақдирда, иш берувчиларга мигрантлар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқи берилади. Бунгача Россия Меҳнат кодексида хорижий фуқаролар билан меҳнат муносабатларини фақат федерал даражада чекловлар ўрнатилганда тугатишга рухсат берилган. Янги тузатишлар ушбу рўйхатга Россия Федерацияси субъектлари ҳокимияти томонидан қабул қилинадиган қарорларни ҳам киритишни назарда тутади.
Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш материалларида қайд этилишича, 2025 йилда шундай чекловлар қатор ҳудудларда, жумладан, Москва вилояти, Краснодар ўлкаси, Новгород ва Нижний Новгород вилоятларида жорий этилган. Ҳудудий ҳужжатларда патент асосида ишлаётган хорижий фуқаролар меҳнатидан иқтисодиётнинг айрим тармоқларида фойдаланишни тақиқланган.
Шу билан бирга, иш берувчилар ҳуқуқий ноаниқликка дуч келган: ҳудудий тақиқларга риоя қилмаслик 1 миллион рублгача жарима ёки фаолиятни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид солган, бироқ хорижий ходимни ишдан бўшатиш ноқонуний деб топилиши ва қўшимча хавф-хатарларни келтириб чиқариши мумкин бўлган.
Ҳужжатда келтирилишича, таклиф этилаётган ўзгаришлар ушбу ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш ва меҳнат қонунчилигини миграция бандлигини ҳудудий тартибга солиш амалиётига мослаштиришга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
