Logo

Халқаро бизнес-марафон Япониядаги ватандошларни бирлаштирди

Март 31, 2026. 08:10 • 2 дақ

133
Халқаро бизнес-марафон Япониядаги ватандошларни бирлаштирди

ТОКИО, 31 март. /“Дунё” АА/. Япония пойтахтидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти университетида ватандошлар ўртасида халқаро бизнес марафони бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Президентининг 2025 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрига амалга оширган ташрифи доирасида ватандошлар ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан ўтказилган учрашувда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Марафоннинг асосий мақсади – хорижда фаолият юритаётган юртдошларни ягона платформа асосида бирлаштириш, мамлакат манфаатларига хизмат қиладиган илғор ва амалий бизнес ғояларни шакллантириш, ёшлар орасида тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда бизнес юритиш маданиятини юксалтиришдан иборат бўлди.

Тадбирда 120 нафардан ортиқ ватандош тадбиркорлар, Япониянинг етакчи компанияларида фаолият юритаётган мутахассислар, мамлакат олий таълим муассасалари ва таълим марказларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Марафон давомида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ижрочи директори Хайрулла Сатторов хориждаги ватандошларнинг миллий манфаатларни илгари суриш, мамлакатнинг илмий, ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашдаги ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида Японияда фаолият юритаётган ҳамюртлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Жумладан, “Toyota Tsusho Corporation” компаниясининг инфратузилма лойиҳалари департаменти ижрочи менежери Нозимжон Хўжаев ҳамда “Uzbek Professionals in Japan” жамияти асосчиси ва раиси Шохруҳбек Ибрагимов Японияда бизнес ва касбий фаолият юритиш бўйича ўз тажрибалари ҳақида фикр юритди.

Шунингдек, тадбир доирасида Япониянинг инновацион технологиялари ва илғор тажрибасини Ўзбекистонга жорий этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Барчаси