Logo

ТИВ: Ўзбекистон Президентининг топшириғига биноан фуқароларимизнинг Ватанга қайтишини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда

Март 04, 2026. 16:25 • 3 дақ

169
ТИВ: Ўзбекистон Президентининг топшириғига биноан фуқароларимизнинг Ватанга қайтишини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда

ТОШКЕНТ, 4 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати telegram-канали орқали ОАВнинг Яқин Шарқдаги вазият билан боғлиқ саволларига жавоб берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Яқин Шарқ минтақасидаги вазият муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан, Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизматига оммавий ахборот воситалари вакилларидан келиб тушаётган саволларга жавобларни тақдим этамиз.

Савол: Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ва консуллик муассасалари томонидан фуқаролар хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Яқин Шарқ мамлакатларидаги дипломатик ва консуллик муассасалари ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий-сиёсий вазиятни 24/7 форматда доимий мониторинг қилиб бормоқда.

Қабул қилувчи давлатларнинг ташқи ишлар идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, фуқаролик муҳофазаси хизматлари ҳамда авиация маъмуриятлари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Савол: Тезкор линиялар ва фавқулодда алоқа каналлари ташкил этилганми?

Жавоб: Элчихоналар ва консуллик муассасалари ҳузурида “тезкор линия”лар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Call-маркази фаолият юритмоқда.

Фуқаролардан келиб тушаётган барча мурожаатлар рўйхатга олиниб, доимий ўрганиб борилмоқда, аксарият масалалар тезкорликда ҳал этилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра:

- минтақадаги фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар сони 2 144 тани ташкил этмоқда;

- манзилли консуллик ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда.

Фуқаролар расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва каналлар орқали эҳтиёт чоралари, авиарейслар ҳолати ҳамда ҳаракатлар алгоритми бўйича мунтазам хабардор қилинмоқда.

Савол: Фуқаролар кўпроқ қандай масалаларда мурожаат қилмоқда?

Жавоб: Мурожаатлар мунтазам равишда келиб тушмоқда.

Асосий масалалар қуйидагиларга тааллуқли:

- эвакуация;

- авиарейсларнинг бекор қилиниши ёки бошқа санага кўчирилиши;

- вақтинчалик турар жой билан таъминлаш;

- мамлакатда қолиш муддати узайиши муносабати билан молиявий қийинчиликлар.

Дубай, Шаржа ва Доҳа аэропортларида “Ватандош” жамғармаси орқали бир гуруҳ фуқароларга молиявий ёрдам кўрсатилди.

Савол: Яқин Шарқ минтақасидан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш ва махсус рейслар ташкил этиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, фуқароларимизни Ватанга қайтариш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ва юртдошларимиз хавфсизлигини таъминлашни инобатга олиб, доимий ҳамда қўшимча рейслар ташкил этилмоқда. Ишлар доимий асосда олиб борилмоқда.

Жумладан:

- Саудия Арабистонидан тизимли эвакуация амалга оширилмоқда;

- Бирлашган Араб Амирликларидан “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси репатриация рейсларини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқди;

- авиакомпаниялар билан чартер рейсларни келишиш ишлари олиб борилмоқда;

- минтақадаги авиация регуляторлари билан мувофиқлаштириш таъминланмоқда.

Ҳаво ҳудудининг ёпилиши ва “ҳаво ҳужуми” режими шароитида имкониятлар чекланган бўлса-да, ишлар узлуксиз равишда олиб борилмоқда.

Савол: Яқин Шарқда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борми?

Жавоб: Бугунги кун ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар йўқ.

Вазият доимий назорат остида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш