Томскда ишлаётган ҳамюртлар учун ифторлик ташкил этилди
Март 01, 2026. 12:30 • 57 сония
• 95
ТОМСК, 2 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консулхонаси ҳамда Томск шаҳри ўзбеклари миллий-маданий автономияси ҳамкорлигида ҳозирги вақтда Россиянинг ушбу ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган ватандошларимиз учун ифторлик ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Томск шаҳри ва вилоятида турли корхоналарда ишлаётган юздан зиёд фуқароларимиз иштирок этди.
Ифторликда қатнашган юртимизнинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров мамлакатимизда инсон қадрини, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда тинчлик-тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳолини, айниқса ёрдамга муҳтож шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини ўзида мужассам этган муқаддас Рамазон ойи халқимиз қалбида янада яқинлашиб, эъзозланиб бораётганини таъкидлади.
Томск шаҳри ўзбеклари миллий-маданий автономияси раҳбари Саматулла Рузиев ватанидан узоқда бўлган Ўзбекистон фуқароларига берилаётган бундай эътибор учун самимий миннатдорлик билдирди. Бош консулхона томонидан Томск вилоятида ҳамюртларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, бош консулнинг мунтазам ўтказаётган консуллик қабуллари алоҳида қайд этилди.
Тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, Яратгандан юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм суриши, халқимизнинг фаровон яшаши, муқаддас Рамазон ойида ният қилинган эзгу амаллар рўёбини сўраб дуо ўқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
