Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Италиянинг янги элчисидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди
Январ 12, 2026. 17:10 • 53 сония
• 106
ТОШКЕНТ, 12 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Италиянинг янги элчиси Гуидо де Санктисни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Италиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Гуидо Де Санктис жанобларининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилдик, - деб ёзди Ўзбекистон ТИВ вазири ўзининг телеграм-каналида. - Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, савдо, инвестиция ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик. Амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш муҳимлигини таъкидладик.
Элчи жанобларига мамлакатимиздаги фаолияти давомида муваффақият тилаймиз”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Италия ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 24 мартда ўрнатилган.
Италиянинг янги элчиси 64 ёшда. 1991 йилдан буён Италия Ташқи ишлар вазирлиги ва хорижий муассасалар тизимида масъул лавозимларда ишлаган, жумладан, 2013-2017 йилларда Қатарда элчи бўлган. Инглиз ва рус тилларини билади.
Гуидо де Санктис 2024-2025 йилларда Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида аккредитациядан ўтган Пиергабриеле Пападия де Боттини ўрнини эгаллади.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси