Logo

“BMB AGRO” корхонаси FSSC 22000 халқаро сертификатига эга бўлди

Январ 12, 2026. 15:58 • 2 дақ

112
“BMB AGRO” корхонаси FSSC 22000 халқаро сертификатига эга бўлди

ТОШКЕНТ, 12 январь. /“Дунё” АА/.   “BMB AGRO” корхонаси FSSC 22000 озиқ-овқат хавфсизлиги менежменти тизимининг халқаро сертификатини олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида қишлоқ хўжалигини тубдан модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда миллий маҳсулотларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“BMB HOLDING” тизимидаги “BMB AGRO” корхонасининг халқаро FSSC 22000 озиқ-овқат хавфсизлиги менежменти тизими сертификатини қўлга киритиши олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси ҳисобланади.

FSSC 22000 сертификатининг олиниши ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш занжирининг барча босқичлари халқаро норматив талабларга жавоб беришини техник жиҳатдан тасдиқлайди. Бу эса корхоналарда замонавий бошқарув тизимлари жорий этилиши, ишлаб чиқариш маданияти ва масъулиятининг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

Маълумки, FSSC 22000 – GFSI (Global Food Safety Initiative) томонидан тан олинган, жаҳон миқёсида эътироф этилган нуфузли сертификат ҳисобланади. Унинг жорий этилиши ишлаб чиқариш жараёнларида биологик, кимёвий ва физик хавфларни тизимли равишда аниқлаш, баҳолаш ва назорат қилиш механизмлари самарали ишлаётганини кўрсатади.

Ушбу сертификатнинг мавжудлиги “BMB AGRO” маҳсулотларининг АҚШ, Европа Иттифоқи каби юқори фитосанитария ва хавфсизлик талабларига жавоб беришини таъминлайди. Экспорт географиясини кенгайтириш, хорижий ҳамкорлар билан узоқ муддатли ва барқарор шартномалар тузиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.

Энг муҳими, бундай халқаро стандартларнинг маҳаллий корхоналарда жорий этилиши Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, миллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг ишончли аграр экспортёр сифатидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш