ХОҚ Россия Олимпия қўмитаси мақомини тиклади ва россиялик спортчиларга қўйилган чекловларни бекор қилишни тавсия қилди

Июль 08, 2026. 19:00 • 2 дақ

72
ХОҚ Россия Олимпия қўмитаси мақомини тиклади ва россиялик спортчиларга қўйилган чекловларни бекор қилишни тавсия қилди

ЛОЗАННА, 8 июль. /“Дунё” АА/. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Россия Олимпия қўмитасининг (РОҚ) ҳуқуқий мақомини тиклади ва россиялик спортчиларга нисбатан чекловларни бекор қилишни тавсия этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири ташкилот матбуот хизматига таяниб.

Бироқ, бу қарор россияликларнинг Олимпия ўйинларига давлат байроғи остида автоматик тарзда қўйилишини англатмайди.

РОҚ 2023 йил октябрь ойида Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларидаги олимпия кенгашларини ўз таркибига киритгани сабабли четлаштирилган эди. Ўшанда ХОҚ буни Олимпия хартияси ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини бузиш сифатида баҳолаган.

ХОҚ ҳуқуқий масалалар бўйича комиссия ўтказган таҳлилдан сўнг қарорни қайта кўриб чиққанини маълум қилди. Таҳлил натижаларига кўра, Украина Миллий олимпия қўмитаси юрисдикциясидаги ҳудудларда жойлашган спорт ташкилотлари эндиликда РОҚ таркибида эмаслиги аниқланган.

Шу билан бирга, ХОҚ, агар зарур деб топса, РОҚга нисбатан чекловларни қайта жорий этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, қўмита россиялик спортчиларнинг халқаро мусобақаларда фақат нейтрал мақомда иштирок этишини кўзда тутувчи тавсияларни бекор қилди. Бироқ спортчилар амалдаги антидопинг талабларига мувофиқлигини текширишдан ўтиши керак бўлади.

Россиялик спортчиларни халқаро мусобақалар ва Олимпия ўйинларига қўйиш бўйича якуний қарорни тегишли халқаро спорт федерациялари қабул қилади. Уларнинг айримлари Россия вакилларининг иштирокига аввалроқ рухсат берган эди.

Россия байроғи, мадҳияси ва миллий рамзларидан фойдаланиш масаласи ҳозирча очиқлигича қолмоқда. Шунингдек, ХОҚ Россияда ўз тадбирларини ўтказишни ёки уларга россиялик расмий шахсларни таклиф қилишни режалаштирмаётганини билдирди.

Ташкилотнинг фикрича, қабул қилинган қарорлар 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига саралаш даври бошлангани, барча спортчилар учун мусобақаларда иштирок этишга тенг имконият яратиш зарурати билан боғлиқ.

“РИА Новости” сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш