Туркиялик хотин-қизлар Тошкент ва Самарқанддаги диққатга сазовор жойларга саёҳат қилди

Июль 08, 2026. 18:30 • 2 дақ

59
Туркиялик хотин-қизлар Тошкент ва Самарқанддаги диққатга сазовор жойларга саёҳат қилди

АНҚАРА, 8 июль. /“Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли ташкилотларидан бири – “Турк Метал” касаба уюшмаси хотин-қизлари юртимизга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Туркиялик меҳмонлар дастлаб пойтахтимиздаги Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси фаолияти билан танишди. Учрашувда касаба уюшмаларида хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбат жараёнида саноат соҳасида фаолият юритувчи аёл ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва бу жараёнда касаба уюшмаларининг роли муҳокама қилинди. Шу билан бирга, хотин-қизлар дуч келаётган муаммо ва камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди. Аёлларнинг касаба уюшмалари ҳаётида янада фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.

Шунингдек ўқинг

Делегация аъзоларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати ҳам ёрқин таассуротларга бой бўлди. Меҳмонлар тарихий шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.

Ташриф давомида меҳмонлар Тошкент ва Самарқанднинг бетакрор тарихий-маданий мероси, тарихий-меъморий обидалари ҳамда замонавий иншоотлари уларда унутилмас таассуротлар қолдирганини таъкидлади. Улар юртимизнинг бой тарихи, халқимизнинг меҳмондўстлиги ва шаҳарларимизнинг обод қиёфасидан катта таассурот олганини эътироф этди.

Туркия касаба уюшмалари вакиллари Ўзбекистонга уюштирилган ушбу ташриф уларнинг илк туристик сафари бўлганини, келгусида эса бу каби саёҳатларни янада кўпайтириш ниятида эканини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш