Москвадан муносабат: Ислом цивилизацияси маркази – маданиятлараро мулоқот ва илм-фан масканига айланмоқда
Март 25, 2026. 19:53 • 2 дақ
• 33
МОСКВА, 25 март. /“Дунё” АА/. Россия давлат гуманитар фанлар университети профессори, тарих фанлари доктори Дарья Жигульская Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиши муносабати билан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Тошкентда янги очилган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг қадимий тарихий мероси, илмий анъаналари ва замонавий ривожланиш йўналишларини ўзида мужассам этган кенг кўламли маданий-маърифий мажмуа сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур мега-лойиҳа мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ва ислом цивилизациясининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Марказ ҳали тўлиқ қуриб битказилмасидан туриб, халқаро ҳамжамият эътиборини қозонди. Ушбу иншоот “Prix Versailles” мукофоти доирасида дунёнинг энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди. ЮНЕСКО томонидан қўллаб-қувватланадиган бу мукофот замонавий инновацион қурилиш технологиялари ҳамда тарихий-меъморий анъаналарнинг уйғунлигини эътироф этади.
Бугунги мураккаб ва таҳликали даврда, дунё янги таянч нуқталарини излаётган бир пайтда, Ўзбекистон инсониятга энг тўғри йўл – маърифат ва мулоқот йўлини таклиф этмоқда. Ислом цивилизацияси маркази илм-фан, инсонпарварлик ва буюк мутафаккирлар меросини бирлаштириш зарурлигини яққол намоён этади.
Марказни мазмунан бойитиш алоҳида аҳамият касб этади. Дунёнинг турли музей ва кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмалар ҳамда артефактларни жамлаш уни ноёб илмий-тадқиқот майдонига айлантиради. Бу эса марказнинг Евроосиёдаги етакчи илмий ва маданий марказлардан бири сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди.
Бу ерда турли мамлакатлар олимлари учун кенг имкониятлар яратилади. Марказ илм-фан ва маданият тарихини бирламчи манбалар асосида ўрганишга хизмат қилувчи замонавий интеллектуал хабга айланиши кутилмоқда.
Марказнинг профессионал муҳит сифатида эътироф этилиши қўшма фанлараро лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази гуманитар ҳамкорлик меъморчилигининг муҳим бўғини сифатида шаклланиб, бутун Евроосиё маконида илмий изланишлар ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси